Абдусатторов яна бир халқаро мусобақанинг гранд финалига чиқди
Спорт
−
10 Апрель 2023
5477Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Германия пойтахти Берлин шаҳри мезбонлик қилган The Armageddon Championship Series: Asia & Oceania турнирида иштирок этди. 9 апрель куни Абдусатторов мусобақанинг 4-турида дона сурди.
Эронлик Парҳам Магсдоглуга қарши кечган баҳсда ўзбекистонлик шахматчининг қўли баланд келди.
Нодирбек мазкур турнирнинг 1-кунида ҳиндистонлик Видит Гужратини 2:0 ҳисобида мағлуб этганди. Турнирдаги 2-ўйинда Абдусатторов ҳиндистонлик Гукешга имкониятни бой берган бўлса, 3-ўйинда яна бир Ҳиндистон вакили Мурали Картикеяндан устун келди.
Мусобақа якунларига кўра, Нодирбек Абдусатторов ва 16 ёшли ҳиндистонлик шахмат устаси Гукеш Домаржу жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган турнир гранд финалида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик шахмат устаси “Chessable Masters” онлайн турнирида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, мусобақанинг юқори дивизионига йўлланмани қўлга киритганди. Ушбу турнир гранд финалида Абдусатторов франциялик Максим Ваш-Лагравга қарши дона суриб, рақибидан 2,5:1,5 ҳисобида устун келди.