Абдусатторов Карлсеннинг эътирози ва Қосимжонов билан таққослашлари ҳақида гапирди (видео)

Спорт 14582
nono

Аввалроқ, Ўзбекистонлик 17 ёшли шахматчи Нодирбек Абдусатторов Польша пойтахти Варшава шаҳрида ўтказилаётган шахматнинг рапид йўналиши бўйича Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Абдусатторов Россиялик шахматчи Ян Непомняший устидан тай-брейкдаги ғалабасидан сўнг, матбуот анжуманида иштирок этди ва тай-брейкда ўйнашни кутмагани, бироқ бунга тайёр бўлганини айтиб ўтди.

“Мен учун энг муҳими партияни бой бермаслик эди ва мен буни уддаладим. Бугун жуда чарчадим, лекин олдинда яна бир мусобақа бор, шунинг учун дам олишга вақт йўқ”, дейди Абдусатторов.

Шунингдек, 17 ёшли гроссмейстер мусобақанинг 13-туридаги рақиби, польшалик 23 ёшли Ян-Кшиштоф Дудага қарши ўйинни энг қийин партия бўлганини таъкидлади:

“Бу жуда ҳам қийин партия эди, чунки мен дебют вақтида қийинчиликка дуч келдим, сўнгра позициям ёмонлашди. Қандайдир мўжиза сабабли ўйинни ушлаб қолишга эришдим. Менга омад кулиб боқди”.

Ўзбекистонлик шахматчи Ян Непомняший билан ўйинга ҳам тўхталиб ўтди.

“У бизнинг рапиддаги ўйинимиздан кейин яхши тайёрланди, қайсидир маънода дебютда бир хил ўйнадик. Лекин ўша позицияда қоралар билан ўйнаш осонроқ эди”, дея айтиб ўтди Абдусатторов.

Шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен тай-брейкда фақатгина икки нафар шахматчи иштирок этиши ҳақидаги қоидани “аҳмоқона”, деб атаганидан сўнг, Журналистлар Нодирбек Абдусатторовдан ушбу қоидага муносабат билдиришни сўради. Ўзбекистонлик гроссмейстер эса бу унинг қарори эмаслигини ва ўзининг тай-брейкдаги иштирокини омад кулиб боққани билан изоҳлади.

Жаҳон чемпионидан “Ўзингизни 1992 йил Маниладаги шахмат олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси ва 2004 йил FIDE Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган Рустам Қосимжоновнинг меросхўримисиз?” дея берилган саволга ҳам жавоб берди:

“Йўқ, бундай муваффақиятлар билан таққослашимга ҳали эрта. Лекин келажакда бу ҳақда ўйлаб кўришим мумкин”.

Бунга қадар Нодирбек Абдусатторов июль ойида Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган FIDE Жаҳон кубогининг 1/16 финал босқичида озарбайжонлик гроссмейстер Васиф Дурарбайлига мағлуб бўлган. Ноябрь ойида эса  Испанияда ўтказилган Elllobregat Open шахмат турнирида эса ғалаба қозонган эди.

Эслатиб ўтамиз, мусобақа ғолиблигини қўлга киритган Абдусатторов 60 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритади. У турнир давомида Магнус Карлсен, Ян Непомняший, Фабиано Каруана ва Левон Аронян сингари фаворит шахматчиларни мағлуб этди.

Маълумот учун, рапид баҳсларида Ўзбекистон номидан иштирок этган Жаҳонгир Воҳидов 7 очко билан 71, Жавоҳир Синдоров 6,5 очко билан 93, Шамсиддин Воҳидов эса 6,5 очко билан 103-поғонани эгаллади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 591
Рейтинг: 3
t
×