Абдусалом Азизов футбол ҳақида: “Ўзгартишларни тўхтатамиз”
Спорт
−
23 Июль 2019
5058Давлат хавфсизлик хизмати раиси ҳамда ЎФА президенти Абдусалом Азизов бугун, 23 июль куни ўзбек футболига оид маъсуллар билан йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик. ЎФА президенти миллий чемпионатда тартиб интизомни кучайтириш зарурлигини айтиб ўтди.
“Хозирда жамоаларда мураббий ва футболчилар шартномалари борасида ноаниқликлар учраб туришидан хабарим бор. Қисқа муддатли шартномалар ўрнини икки томоннинг мажбуриятлари тўлиқ акс этган профессионал шартномалар эгаллаши керак.
Шунда мураббийлар ҳам маълум муддат ўз жамоаси билан ишлаб, уни кучайтириш ҳақида ўйлайди. Футболчилар ҳам бир йил ўтар-ўтмасдан ўзига бошқа клуб қидиришга тушмайди.
Регламент, чемпионат формати ва жамоалар сонини ҳар йили ўзгартиришни тўхтатамиз. Кейинги мавсумда ҳам жамоалар сони шунчалигича қолади ва Суперлигага чиқадиган жамоа спорт принциплари асосда курашиб йулланмага эга чиқсин.
Турли аралашувлар орқали жамоаларни юқори лигаларга олиб чиқишга бўлган уринишларга йўл қўйилмайди”, дея таъкидлади Абдусалом Азизов.
Шунингдек, йиғилишда мархум “Пахтакор-79” жамоаси аъзоларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
“Бу йил “Пахтакор-79” авиаҳалокатига 40 йил тўлмоқда. Бу нафақат “Пахтакор” клуби, балки бутун ўзбек футболи учун катта фожиадир. Биз ҳеч қачон футболимизнинг фахри бўлмиш ушбу жамоани унутмаслигимиз ва ҳамма вақт уларнинг хотирасини ёд этишимиз зарурдир.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон футбол ассоциацияси ушбу сана муносабати билан ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этиши, мазкур сана арафасида бўладиган Суперлига учрашувларида ўтганлар хотирасига хурмат бажо келтириши, жамоа аъзоларининг яқинларига эътибор қаратиши зарур”, дея таъкидлади Абдусалом Азизов.
Эслатиб ўтамиз, Абдусалом Азизов 15 июль куни Очилбой Раматов эгаллаб турган ЎФА президенти лавозимида ишга киришди.
LiveБарчаси