Абдумалик Ҳалоков – йиғлоқи чемпион
Спорт
−
01 Июнь 2023
6940Шу йилнинг 1-14 май кунлари Тошкент шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди. Ўзбекистон боксчилари турнирда умумий ҳисобда 5 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 2 та бронза медалига эга чиқиб, Жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Мезбонларнинг ҳисобига олтин медаллардан бирини -57 кг вазнда Абдумалик Ҳалоков қўшиб қўйди. Мусобақа давомида Абдумалик кўрсатган ёрқин жанглар мухлис ва мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Финалда у кубалик Саидел Хортани мағлуб этди.
Боксчининг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, у анча вақт психологик босим таъсирида юрган. 2021 йил Сербияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиши, февраль ойида “Странжа” халқаро турниридаги кутилмаган мағлубият Ҳалоковга бўлган босимни бир неча баробарга ошириб юборган.
“Бу чемпионликни жуда узоқ кутдим. Мени қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат айтаман. Мураббийларим мен билан қаттиқ иш олиб борди, чунки сўнгги пайтларда руҳан синиб қолаётгандим. Ўша вақтларда мураббийим Даврон ака мен билан психологик томондан ишлай бошлади. Жангларим осон ўтди. Мен учун пул муҳим эмас, бу ерда Ўзбекистон шаъни турибди. Ҳаммани олдида юзим ёруғ бўлганига шукр қиламан”, дейди Ҳалоков.
Шунингдек, Ҳалоков QALAMPIR.UZ'га юлдузлик касалини қандай четлаб ўтаётганини, жаҳон чемпиони бўлгач, ҳаётида нималар ўзгарганини айтиб ўтди.
“Олдиндан қандай бўлсам, худди шундай бўлиб қоламан. Аввало ҳаммамиз инсон бўлишимиз керак. Жаҳон чемпиони бўлсам ҳам, ҳамма қатори оддий инсонман”, дейди Абдумалик.
Маълумот учун, Абдумалик Ҳалоков 2000 йилда Бухоро вилоятида туғилган. Шу вақтга қадар у ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон ва Олимпиада мусобақаларида ғолиб бўлган. 2022 йилда Амманда ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам Абдумалик олтин медалга сазовор бўлган.
LiveБарчаси