Абдуллоҳиён Покистонга “яраш оши”га борди
Олам
−
29 Январь
6839Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Эрон қуролли кучлари Покистон ҳудудида жойлашган “Жайш ал-Золм” террорчилик гуруҳининг икки штаб-квартирасига зарба берганидан сўнг юзага келган кескинликни бартараф этиш доирасида Покистонга борди. Бу ҳақда Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Эрон Ташқи ишлар вазири Исломободга Покистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Жалил Аббос Жилоний таклифига биноан келди”, дейилади хабарда.
Абдуллоҳиённи “Нур Хон” аэропортида Покистон Ташқи ишлар вазирининг Афғонистон ва Ғарбий Осиё бўйича ўринбосари Раҳим Ҳаят Қурейши кутиб олди.
Ташриф доирасида Эрон ТИВ раҳбари покистонлик мавқедоши Жалил Аббос Жилоний, шунингдек, Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар билан учрашув ўтказиши режалаштирилган.
Бўлажак музокараларнинг асосий мавзуси 16 январь куни Эрон қуролли кучларининг Покистон ҳудудидаги “Жайш ал-Золм” террорчилик гуруҳининг икки қароргоҳига уюштирган ҳужуми оқибатида икки давлат ўртасидаги муносабатлардаги кескинликни камайтиришдан иборат. Эрон ҳарбийларининг мувофиқлаштирилмаган ҳаракатлари Исломободнинг реакциясига сабаб бўлди.
17 январь куни Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз элчиси Муҳаммад Мудассир Типуни Теҳрондан чақириб олингани ҳақида маълум қилди ва ўша пайтда ватанида бўлган Эрон дипломатик миссияси раҳбари Ризо Амири Моғаддамга ҳам Исломободга қайтмасликни тавсия қилди. 18 январь куни Покистон Қуролли кучлари аксилтеррор операциясини ўтказди ва унинг давомида Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятидаги “Балужистон озодлик фронти” ва “Балужистон озодлик армияси” экстремистларининг бошпаналарига зарбалар берилди.
22 январь куни вазирликлар даражасидаги маслаҳатлашувлардан сўнг Исломобод ва Теҳрон бу борада юзага келган қарама-қаршиликларни бартараф этишга тайёр эканини билдирди. Бу йўналишдаги дастлабки қадамлар сифатида 26 январга қадар элчиларни ўзаро қайтариш ва 29 январь куни Эрон Ташқи ишлар вазирининг Покистонга расмий ташрифини ташкил этишга қарор қилинди.
LiveБарчаси