“Абдуллахон” мадрасаси деворининг бир қисми ўпирилиб тушди
Маданият-санъат
−
03 Август 2021
10221Жорий йилнинг 30 июль куни Бухородаги “Абдуллахон” мадрасаси орқа томон деворининг бир қисми ўпирилиб тушди. Бухоро вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, бунга кўп йиллик техноген жараёнлар (иссиқ ва совуқ иқлим, ёғингарчиликлар ва ер ости сувларининг кўтарилиши) сабаб бўлган.
Бу ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, реставраторлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойида ўрганиш ўтказилган. Шунга кўра, тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, Республика Маданий мерос агентлигидан вакиллар жалб қилинган ва “Абдуллахон” мадрасасининг орқа қисми деворининг ўпирилиб тушган бўлагини белгиланган тартибда тегишли лойиҳа асосида қайта тиклаш ва зарурий реставрация ишларини ташкил этиш ишлари бошланган.
Шу билан бирга, Бухорода техноген жараёнлар оқибатида нураши, емирилиши ва қулаб тушиши эҳтимоли юқори бўлган 40 та маданий мерос объектини умумбашарий қийматини сақлаш, уларда тиклаш, реставрация ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича олимлар, реставраторлар ва малакали мутахасислар томонидан ўрганишлар ўтказилган ҳолда зарур чора-тадбирлар белгиланиши ҳақида Ҳукуматга аниқ таклифлар юборилган.
Бундан ташқари, ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари ҳам олиб борилмоқда.