Абдулла Арипов Чехия Президенти билан учрашди
Жамият
−
12 Октябрь 2023
4243Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳукумат делегациясининг Чехия Республикасига расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакат Президенти Петр Павел билан ҳам учрашди. Бу ҳақда ҳукумат порталида хабар берилди.
Қайд этилишича, Чехия Президенти Петр Павел ўзбекистонлик мавқедоши Шавкат Мирзиёевга самимий саломини етказиб қўйишни сўраган.
Ўз навбатида, Бош вазир Абдулла Арипов Чехия Президентига Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказган.
Билдирилишича, бугун Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсат олиб бормоқда. Пировардида, хорижий давлатлар, айниқса, Европа Иттифоқи билан тенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланмоқда.
“Жумладан, Ўзбекистон-Чехия ўртасида барча йўналишларда ҳамкорлик кенгаяётгани, вазирлар даражасидаги алоқалар ҳам фаоллашиб бораётгани бунга мисол”, дейилади хабарда.
Учрашувда савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, туризм, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилган.
“Умуман олганда, Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Чехия Республикасига расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг “Шкода”, “Омнипол”, “Кристал Богемия”, “Примако” ва бошқа етакчи фирма ва компаниялари вакиллари билан тегишли йўналишлар бўйича ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга қаратилган икки томонлама учрашув ва музокаралари ўтказилди. Юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш мақсадида бир қатор корхоналарга ташриф буюрилди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Чехияга ташриф якунлари бўйича умумий қиймати 800 миллион евродан зиёд инвестиция битимлари ва савдо шартномалари имзоланган.