Абдулла Арипов аномал совуқда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича мажлис ўтказмоқда

Жамият

image

Айни пайтда Бош вазир Абдулла Арипов раислигида мамлакатимизда давом этаётган аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Бош вазир Ахборот хизмати маълум қилди.

Мажлисда Абдулла Арипов томонидан бир қанча мутасаддиларга муҳим топшириқлар берилган.

Масалан, бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилгани маълум қилиниб, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ушбу 31 мингта уйларнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминлашни назарда тутувчи дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

“Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги эндиликда янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритиши топширилди. Бу борада энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратишимиз кераклиги қайд этилди”, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда жами 13,2 минг тонна базальт хом ашёси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса йиллик эҳтиёж (5 млн м кв ёки 36 минг тонна) 30 фоизини ҳам ташкил этмаслигини исботлайди.

Шу боис Бош вазир томонидан Ўзсаноатқурилишбанк (Аннакличев) “Ўзсаноқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда жойларда базальт хом-ашёси ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, йил якунига қадар камида 5 минг тонналик қувват яратиши кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, “Ўзэлтехсанот” уюшмасига ҳам икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов аномал совуқ кўп қаватли уй

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг