Абдулазиз Комилов Қозоғистонда ўтган форумда иштирок этди

Жамият 722
image

Бугун, 16 октябрь куни Қозоғистон Республикасининг Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация “Корея Республикаси – Марказий Осиё” 12-ҳамкорлик форумида иштирок этди. 

Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ТИВ раҳбарлари кўп томонлама формат доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва кўп қиррали мулоқотнинг мазкур механизмини мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар. 

Абдулазиз Комилов форумда сўзлаган нутқида мазкур формат фаолиятига кўпроқ аниқлик берувчи ва барча иштирокчи давлатлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда минтақа мамлакатлари иқтисодиёти ва саноат салоҳиятининг барқарор ўсишига хизмат қилувчи мақсадли лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш зарурлигини қайд этди. 

Жанубий Кореянинг техник стандартлаш, сув ресурсларини бошқариш, АКТ-ўқитиш, стартап-лойиҳаларни ривожлантириш жабҳаларидаги инновацион ишланмаларини ўрганиш ва жорий этиш, ёшлар сиёсати ва гендер тенглик соҳаларида тажриба алмашиш Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон делегацияси раҳбари форум қатнашчиларига жорий йилнинг 4 октябрь куни Президент фармони билан тасдиқланган Ўзбекистоннинг 2019-2030-йилларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича стратегиясининг мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумот берди ва шу нуқтаи назардан Ўзбекистон шерикларининг ишлаб чиқаришга экологик тоза технологияларни жорий қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳаларидаги тажрибасини ўрганиш,  мазкур йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини эътироф этди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3
Рейтинг: 2.8
t
×