Абдулазиз Комилов бош делегациянинг АҚШга боришдан мақсади нима?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация АҚШга жўнаб кетди. Жорий йилнинг 16-23 июль кунлари делегация АҚШга амалий ташриф доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий, молиявий ва инвестиция алоқаларини ривожлантиришга йўналтирилган қатор тадбир ва учрашувларда иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот  хизмати хабар бермоқда. 

Делегация таркибига Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбарлари, “Ўзбектелеком” АЖ, “Ўзсаноатқуришбанк” АТБ, “Инфинбанк” АТБ, “Тошкент” РФБ, “Ўзавтосаноат” АК, “Марказий депозитарий” ДК, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Асака” АТБ, “ЎзРТХБ” АЖ ҳамда республиканинг етакчи хусусий акционерлик компанияларининг 20 дан ортиқ мутахассислари кирди. 

Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги Элчихонаси берган маълумотга кўра, Ўзбекистон Ҳукумати иқтисодий блок вакилларининг ташрифидан мақсад – АҚШ маъмуриятининг қатор вазирлик ва идоралари, Жаҳон банки гуруҳи раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш, йирик корпорация ва компаниялар, ҳеж-фондлар,  инвестицион банклар ва халқаро молиявий институтлар билан алоқаларни йўлга қўйиш, улар билан Америка бизнесининг республикадаги давлат ташкилотларини хусусийлаштириш ва модернизация қилиш дастурида иштирок этиши истиқболларини муҳокама қилиш. 

Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон делегацияси АҚШ маъмурияти ва Конгресси аъзолари, етакчи таҳлил марказлари экспертлари ҳамда Америка молия корпорациялари, консалтинг ва юридик фирмалари вакиллари учун Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказади. 

АҚШ пойтахтида Ўзбекистон делегациясининг Икки томонлама савдо-саноат палаталари халқаро иттифоқида ўтказиладиган “Диний эркинликлар орқали барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни илгари суриш” мавзусидаги панел муҳокамасида иштирок этиши ҳам режалаштирилган.  Тадбирда диний эркинликларни таъминлаш масалалари Ўзбекистон савдо-инвестицион жозибадорлигини оширувчи муҳим факторлардан бири сифатида муҳокама қилинади. 

Нью-Йорк шаҳрида “Ўзбекистон капитал бозорининг имкониятлари” инвестиция форумини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, форум АҚШ инвесторлари, етакчи фонд биржалари ва регуляторлари билан яқин шерикчилик алоқаларини йўлга қўйиш ва улар билан муайян икки томонлама лойиҳалар бўйича келишувларга эришишга имкон беради. Ушбу тадбирда стратегик, институционал ва портфел инвесторлари қаторига китувчи АҚШ компаниялари ва фирмалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. 

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси қатор икки томонлама учрашулар ўтказади, хусусан, Оқ уй маъмурияти, Давлат департаменти, Ғазначилик ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги мансабдор шахслари билан музокаралар режалаштирилган. Конгрессда Сенат ва Вакиллар палатасининг “Ўзбекистон бўйича Кокус” аъзолари билан учрашув ташкил этиш режалаштирмоқда. Вашингтон шаҳрида бўлиш чоғида АҚШ Молиявий хизматлар соҳасини тартибга солиш хизмати, Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси раҳбарияти, шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи бошқарувчи таркиби вакиллари ва Халқаро молия корпорацияси экспертлари билан музокаралар ўтказиш кутилмоқда. 

Нью-Йорк шаҳрида Нью-Йорк фонд биржаси (NYSE) ва юқори технологик компаниялар аксияларига ихтисослашган NASDAQ биржаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилади.  Ўзбекистон вакиллари “NYSE”да биржа савдолари очилиш маросимида иштирок этади. 

Ташриф чоғида қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулазиз Комилов

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг