“Аббос доллар” Ўзбекистонда ҳибсга олинди
Олам
−
06 Октябрь 62207 1 дақиқа
Афғонистон парламенти раисининг собиқ ўринбосари Аббос Иброҳимзода Тошкентда ҳибсга олинди ва ўтган ҳафтадан бери қамоқда сақланмоқда. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Amu” хабар берди.
Қайд этилишича, Иброҳимзода 24 сентябрда унинг бизнес рақиблари томонидан берилган бир нечта шикоятлар асосида ушланган. У 350 минг доллардан ортиқ кафолат пули тўлаганига қарамасдан, ҳалигача озод этилмаган.
Манбага кўра, Иброҳимзода сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонга 50 миллион доллардан ортиқ маблағ сармоя киритган, бу сармоялар тижорий транспорт ва ун ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олган. Унинг ҳибсга олиниши компаниялари фаолиятидаги бузилишлар ҳақида хавотирларга сабаб бўлди. Иброҳимзода бу иш бўйича ҳозирча изоҳ бермаган.
Маълумот учун, Аббос Иброҳимзода 1970 йилда Балх вилоятининг Шолғара туманида туғилган. У Мозори-Шариф шаҳридаги “Бахтар” ўрта мактабини 12-синф даражасида тамомлаган. У Афғонистон парламентининг 16-чақириғида Балх вилояти халқ вакили бўлган.
Маҳаллий аҳоли орасида у “Аббос доллар” номи билан танилган, чунки у Афғонистондаги энг бой одамлардан бири ҳисобланади ва нефть-газ бизнесида фаол иштирок этади.
Live
Барчаси