Абэнинг ўлимида ўзини айблаётган полиция рахбари истеъфога чиқди
Олам
−
25 Август 2022
3558Япония полицияси штаб-квартираси раҳбари Итару Накамура собиқ Бош вазир Синдзо Абэнинг ўлдирилишига сабаб бўлган хавфсизлик камчиликлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 25 август куни “Kyodo” агентлиги хабар берди.
Агентликнинг қайд этишича, у аллақачон Жамоат хавфсизлиги комиссиясига истеъфога чиқиш истагини билдирган.
Накамура аввалроқ Абэнинг сафари давомида хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар, жумладан, қўриқчиларни жойлаштириш билан боғлиқлигини тан олган. У бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун уларни ўрганишга ваъда берган.
Бундан олдин Абэ ҳужумга учраган Нара префектураси полиция раҳбари Томоаки Онизука соқчиларга хавфсизлик режасини тайёрлаш учун атиги бир кун берилганини, шу билан бирга, ташриф арафасида Абэнинг сафари йўналиши ўзгартирилганини айтган эди.
Онизуканинг таъкидлашича, унинг устувор вазифаси терговни якунлаш ва хавфсизлик тизимидаги камчиликларни имкон қадар тезроқ аниқлаш.
Абэга суиқасд
Жорий йилнинг 8 июль куни Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ кўчадаги чиқиши давомида отиб кетилди. 41 ёшли япониялик Тетсуя Ямагами қўлбола ўқотар қурол билан уни икки марта отиб ташлади. Абэ қутқарув вертолётида шифохонага етказилди. Шифокорлар унга қон қуйишди ва бир неча соат давомида унинг ҳаёти учун курашдилар. Собиқ Бош вазир 67 ёшида вафот этди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 22 июль куни Япония ҳукумати собиқ Бош вазир Синдзо Абэнинг давлат дафн маросимини 27 сентябрь куни ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси