Аҳолининг 83 фоизи Ўзбекистонда коррупция бор деб ҳисоблайди

Жамият

image

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2020 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида жамоатчилик фикри” мавзусида сўров ўтказилди.

Кўпчилик респондентлар (83,2 фоиз) мамлакатда коррупция мавжудлигини эътироф этган ҳамда коррупция давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий-ахлоқий ҳолатига зарар етказади, аҳолининг давлат органларига ва адолатга ишончини пасайтиради, деб ҳисоблайди.

66,1 фоиз фуқароларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон коррупциянинг тарқалиши юқори даражада бўлган мамлакатлар тоифасига кирмайди. Фуқаролар фикрича, бу кейинги йилларда давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролар томонидан давлат хизматларидан фойдаланиш амалиётининг соддалаштирилиши ва жадаллаштирилиши, маъмурий тўсиқлар бартараф этилиши, давлат қарорлари қабул қилинишининг очиқлиги, мансабдор шахслар жавобгарлиги кучайтирилиши, шунингдек, коррупционерларни фош қилиш жараёни янада ошкора тус олаётгани ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётгани билан боғлиқ.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, хизматлардан фойдаланувчиларнинг манфаатдорлик даражаси ёки тез-тез мурожаат қилиши жамият ёки давлат ҳаётининг у ёки бу соҳасида коррупция тарқалиш даражасига таъсир қилади. 32,4 фоиз сўров иштирокчилари фикрича, коррупциявий ўзаро муносабатлар фуқароларнинг ишга жойлашиши соҳасида энг кўп тарқалган. Сўров иштирокчиларининг қайд этишича, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотлар ва идоралар, фирмалар ва корхоналар раҳбарларига амалда кадрларни танлаш, бўшатиш, ишга қабул қилиш масалаларида чекланмаган ваколатлар берилган, субъектив ёндашув ва коррупция ҳолатлари бўлиши мумкин, булар ишга кирувчи шахслардан моддий фойда олишда ифодаланади.

32,4 фоиз фуқаролар фикрича, соғлиқни сақлаш тизими коррупцияга дучор бўлган, бу айниқса пуллик хизматларга ва шифокорлар бепул кўрсатиши керак бўлган хизматлар учун уларга ноқонуний мукофот беришга, шунингдек, шифокорларнинг фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ёки етказиб берувчилардан олинадиган мукофоти эвазига беморларга нархи қиммат дорилар ёзиб беришига тегишлидир.

Сўров жараёнида аҳолининг учдан бири таълим тизимида коррупция тарқалганини қайд этган. 


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг