Аҳмадалиев Иноуэга қарши эҳтимолий жанг бўйича шикоят билан чиқди
Спорт
−
17 Октябрь
8661Ўзбекистонлик профессионал боксчи Муроджон Аҳмадалиевнинг адвокати Пэт Инглиш япониялик мутлақ чемпион Наоя Иноуэ билан бўлаётган мунозараларга ойдинлик киритиб, Иноуэ мажбурий ҳимоя жангидан қочаётганини ва Аҳмадалиевнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
“Биз бу пуллик реклама таклифларига, Сэм Гудман Иноуэнинг навбатдаги рақиби бўлишига қаршимиз. Муроджон Аҳмадалиев узоқ вақтдан бери WBA чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар бўлиб келган. Буйруққа кўра, Наоянинг кейинги жанги WBA камари учун мажбурий даъвогар билан бўлиши керак. Биз WBA’дан мажбурий ҳимоя жангини ташкил этилишини талаб қилдик. Биз таҳдид қилмоқчи эмасмиз, лекин жаноб Иноуэ WBA’нинг мажбурий ҳимоясидан қочишга ҳаракат қилса, биз қонуний чоралар кўрамиз”, дейди Пэт Инглиш.
Шунингдек, адвокат ўзбекистонлик боксчининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслигини айтди.
“Агар жаноб Иноуэ WBA чемпионлик унвонидан воз кечмоқчи бўлса, биз унинг Аҳмадалиевдан бошқаси билан жанг қилишига тўсқинлик қилмаймиз, лекин биз ҳозир содир бўлаётган воқеаларга қаршимиз. Кимдир ёки бирор ташкилот жаноб Аҳмадалиевнинг ҳуқуқларини поймол этаётганига қаршимиз”, дейди Инглиш.
Маълумот учун, 31 ёшли Иноуэнинг кейинги жанги декабрь ойида Японияда австриялик Сэм Гудманга қарши ўтказилиши режалаштирилган. Аҳмадалиевда эса ҳозирча аниқ режалаштирилган жанг йўқ.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи бошида Аҳмадалиев Иноуэга мурожаат йўллаб, уни нокаут қилишини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь