800 миллионлик газни ўмарганлар ушланди
3-саҳифа
−
15:12 1942 2 дақиқа
Республиканинг 4 ҳудудида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Андижон вилоятининг Асака тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Й.Т. “Беруний” маҳалласи ҳудудидаги новвойхонада табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан тўғри уланиб, 253,3 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида А.П. оилавий корхонаси раҳбари Б.У. “Жўбор” маҳалла ҳудудидаги фермасида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига девор орасидан пластик қувур орқали яширинча уланиб, 218,1 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Қўшкўпир тумани йўллардан фойдаланиш “ДМ” масъул шахслари умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан тўғри уланиб, 182,9 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида “М.Х.” Масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) раҳбари Т.К. МЧЖ меҳмонхонасида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига тижорат мақсадида тўғридан тўғри уланиб, 176 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур барча ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида 1,4 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, келган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.