8 яшар бола оиласига бўлаётган таҳдидлар ҳақида видеомурожаат қилди. Ишга Сенат аралашди

Жамият 15023

2020 йил 23 февраль куни 8 ёшли бола YouTube орқали видеомурожаат йўллади. Унда оғир шароитда яшаётган бола оиласидаги муаммоларни кўтариб чиққан.

Хабарларга кўра, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси, сенатор Санобар Суярова мурожаат эгаси, 8 яшар Султонов Муҳаммадалининг уйига шахсан бориб, вазият билан атрофлича танишган. Маълум бўлишича, бола Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри, “Ёшлик” маҳалласи, 2-ётоқхона, 10-хонада бувиси Ҳусния Салоҳиддинова билан истиқомат қилади. Аниқлик киритилишича, унинг онаси Азиза Салоҳиддинова Россия Федерациясида истиқомат қилади. Муҳаммадали Жиззах шаҳар хусусий мактабининг 2-синфида тўлов асосида ўқийди.

Бувисининг сўзларига кўра, 2016 йилда Жиззах шаҳар ҳокимлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ходими Алишер исмли шахс, ўз уйини Ҳусния Салоҳиддиновага сотиш важи билан улардан 4 минг доллар ва 2 млн. сўм пулини алдов йўли билан олиб, ишидан ҳам бўшаб, қочиб кетган. Шундан сўнг бувиси Алишерни судга берган. Суд қарори билан Алишер айбдор деб топилган ҳамда  пулларни қайтариш бўйича тилхат ёзиб берган.

“Суд қароридан сўнг боланинг бувисига нисбатан турли таҳдидлар бошланган. Хусусан, 2020 йил 10 январь куни у номаълум шахслар томонидан тиббий кўрикдан ўтиш  баҳонасида руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетилган, руҳий касал эканлиги баҳонасида 3 соат ушлаб турилган. Бироқ  текширувдан сўнг унинг ақлий ва руҳий жиҳатдан соғлом эканлиги исботланиб, уйига қайтариб юборилган. Ўша кундан бери Муҳаммадали бувисини руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетилиши мумкинлигидан қўрқиб, мактабга бормаётганлиги аниқланди”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ушбу масала сенатор томонидан шаҳар ҳокими билан атрофлича муҳокама қилинган. Натижада маблағни ундириш бўйича Мажбурий ижро бюросига кўрсатма берилган. Ўрнатилган тартибда Ҳусния Салоҳиддиновага моддий ёрдам кўрсатиш масаласи ўрганиладиган бўлди. Шунингдек, сенатор Санобар Суярова Муҳаммадали ўқиётган мактаб директори билан гаплашиб, унинг бепул таълим олишга эришган.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 681
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×