8 давлат Исроилни Ғазо бўйича тинчлик режасини бузишда айблади
Олам
−
15:31 335 3 дақиқа
Саккиз мамлакат Ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот билан чиқиб, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампнинг йўл харитасини рад этгани сабабли Исроилни Ғазо бўйича тинчлик режасини барбод қилишда айблади. Иордания Ташқи ишлар вазирлиги X ижтимоий тармоғида саккиз мамлакат ТИВ раҳбарларининг қўшма баёнотини эълон қилди.
“Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Туркия Республикаси, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Қатар Давлати ва Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар вазирлари Исроил томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2803-резолюцияси билан маъқулланган АҚШ Президенти Трампнинг Ғазодаги низони ҳал қилиш бўйича Ҳар томонлама режасини амалга оширишни якунлашга оид йўл харитаси, шунингдек, Фаластин давлатчилиги рад этилганини қоралайдилар.
Ушбу позициялар Ҳар томонлама режанинг тўғридан тўғри инкор этилишини англатади, унинг амалга ошишини хавф остига қўяди ва адолатли ҳамда мустаҳкам тинчликка эришиш учун кўрилаётган жамоавий ҳаракатларга тубдан путур етказади.
Бундай рад этиш Исроил эндиликда Ғазода ва қолган босиб олинган Фаластин ҳудудида тинчлик ўрнатиш ҳаракатларига тўсқинлик қилиш учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини тасдиқлайди”, дейилади хабарда.
Баёнотда, шунингдек, Фаластин фракциялари томонидан қабул қилинган йўл харитаси воситачилар, яъни Миср, Қатар, Туркия, АҚШ, Ғазо бўйича Олий вакил ва Тинчлик кенгаши томонидан амалга оширилган кенг кўламли ҳаракатлар натижаси экани таъкидланади.
ТИВ раҳбарлари йўл харитаси Ҳар томонлама режада назарда тутилганидек, Исроил қўшинларининг олиб чиқилиши, Халқаро барқарорлаштириш кучларининг жойлаштирилиши, маъмурий ваколатларнинг Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмитага топширилиши ва Ғазонинг қайта тикланиши билан бир вақтда қуролсизлантириш жараёнидаги муҳим босқич эканига эътибор қаратади.
“Йўл харитасидан воз кечиш Ҳар томонлама режани амалга оширишни давом эттиришдан очиқчасига воз кечишни англатади ва АҚШ Президенти Трампнинг Ғазодаги урушни тўхтатиш ва мустаҳкам тинчлик учун шароит яратиш борасидаги кенг кўламли ҳаракатларини барбод қилиш билан тўғридан тўғри таҳдид солади.
Шу муносабат билан вазирлар Исроилнинг Ҳар томонлама режа ва унинг йўл харитасида назарда тутилган барча мажбурият ва келишувларга риоя қилишини таъминлаш ҳамда уларни амалга оширишга кейинчалик тўсқинлик қилинишининг олдини олиш учун АҚШнинг доимий ва фаол иштироки муҳимлигини таъкидлайдилар.
Улар, шунингдек, Исроил ўзининг давом этаётган норозилиги, тўсқинлик қилиши, пайсалга солиши ёки риоя қилмаслигидан келиб чиқадиган ҳар қандай оқибатлар, жумладан, жойлардаги вазиятнинг ёмонлашуви ва Ғазода урушни тўхтатиш жараёнининг барбод бўлиши учун тўғридан тўғри ва тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олишини урғулайдилар”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо бўйича 15 банддан иборат режасини рад этиб, ҲАМАС “ҳақиқатан” қуролсизлантирилмагунча Исроил қўшинлари олиб чиқилмаслигини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси