7 млн долларлик жиноий ишда айбланган Ўзбекистон фуқароси Қозоғистонга экстрадиция қилинди

Олам

image

Фирибгарлик жиноятини алоҳида йирик миқдорда содир этганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси жиноий жавобгарликка тортиш учун Россия Федерациясидан Қозоғистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси хабар берди.

Қайд этилишича, гумонланувчи 2005-2007 йиллар оралиғида Олмота шаҳрида қурилиш компаниясида ҳисобчи бўлиб ишлаган даврида кўп қаватли тураржой мажмуасининг тугалланмаган қурилиш лойиҳаси бўйича улушли қурилиш иштирокчиларидан пул қабул қилган. У ҳисоб-китоб ҳужжатларида акс эттирилмаган сохта квитанцияларни касса ордерларига илова қилган.

Унинг ва жиноятнинг бошқа иштирокчиларининг ҳаракатлари оқибатида Олмота шаҳрининг 80 дан ортиқ аҳолиси зарар кўрган ва уларнинг умумий зарар миқдори 3,7 миллиард (7 млн доллар) тенгедан ошган.

Жиноят иштирокчиларидан бири суд ҳукми билан жазога тортилган, аммо гумонланувчи жиноят содир этгандан сўнг яширинган. Шу сабабли у халқаро қидирувга берилган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида қидирувдаги шахс Россиянинг Краснодар ўлкасида қўлга олинган ва шундан сўнг Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси сўровига асосан Қозоғистонга экстрадиция қилинган.

Ҳозирда гумонланувчи тергов изоляторига жойлаштирилган.

Унга нисбатан айблов эълон қилинган жиноят учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шунингдек, мол-мулкни мусодара қилиш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Чимкент вилояти Полиция департаменти Миграция хизмати бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 8 йилдан буён халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси ушланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Ўзбекистон фуқароси экстрадиция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг