600 дан ортиқ чилилик юристлар Исроил Бош вазирини судга берди

Олам

image

Чилилик 600 дан зиёд адвокатлар 12 март куни Халқаро жиноий судга Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва бошқа ишғолчи мамлакат расмийларига қарши  Фаластинда содир этган жиноятлари учун  даъво аризаси киритди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу даъвони 620 нафар чилилик ҳуқуқ экспертлари, жумладан, сенатор Франциско Чажуан ва Испаниянинг Валенсия университетидан Родольфо Марконе-Ло Прести имзолаган. Бу ҳақда баёнотни имзолаганлардан бири, Чилининг Иорданиядаги собиқ элчиси, асли фаластинлик Чили фуқароси Нельсон Ҳадад маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, даъвога Исроил расмийлари, жумладан, мудофаа вазири Йоав Галлант томонидан Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда, жумладан, Шарқий Қуддусда фаластинликларга нисбатан геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари содир этилгани ҳақида далиллар келтирилган.

Агентлик суҳбатдошининг таъкидлашича, делегация очиқ манбалар ва оммавий ахборот воситаларидан суратлар ва фактлар, жумладан “Исроилнинг бомбардимонлари оқибатида ҳалок бўлган минтақада яшовчи фаластинликларнинг қариндошларининг баёнотлари”ни тўплаган.

Ҳадад тақдим этилган фактлар орасида Исроилнинг тинч аҳолини ўққа тутиши, Фаластин уйларини вайрон этиш, мулкларини мусодара қилиш ва исроиллик кўчманчиларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари, шунингдек, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳисоботлари ҳамда хулосаларидан парчалар борлигини айтди.

Собиқ элчи Исроилнинг Фаластин аҳолисига қарши ҳаракатлари этник тозалаш ва геноцидга тенг эканлигини таъкидлаган.

“Ғазо - очиқ осмон остидаги улкан қамоқхона. Унинг аҳолиси қашшоқлик, асосий эҳтиёжларга эга бўлишдаги чекловлар ва ишлаш ҳуқуқидан фойдаланиш учун Исроил расмийларидан рухсат олиш каби муаммоларга дуч келмоқда. Бу муаммолар 7 октябрь воқеаларидан олдин ҳам бор эди”, деган у.

“Биз тинч аҳолига қарши жиноят содир этган сиёсий ва ҳарбий арбобларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз. Биз тинч аҳолига қарши содир этилган бу шафқатсиз жиноятлар учун адолатни истаймиз. Бу ерда иккита урушаётган қўшин йўқ – мана битта армия Ғазони вайрон қилмоқда, Фаластин ҳудудларини аннекция қилиш учун мустамлакачиларни жойлаштирган”, деган собиқ дипломат.

У Исроил Мудофаа вазири Галантнинг Ғазо секторида фаластинликларнинг электр, сув, озиқ-овқат ва дори-дармонларга киришига атайлаб тўсқинлик қилганини тан олган баёнотини эслади. Чилилик ҳуқуқшуноснинг фикрича, "бу очарчилик орқали Фаластин халқини қисман ёки тўлиқ йўқ қилиш ниятини тан олишдир". Чилида Фаластин ҳудудидан ташқаридаги энг йирик Фаластин диаспораси жойлашган бўлиб, у 600 минг кишини ташкил қилади. 

Ҳадад Исроилнинг Фаластинга нисбатан қилмишлари юзасидан Халқаро суд томонидан тергов ўтказилишига умид билдирган. “Жазосизлик учун ўрин бўлмаслиги керак. Жиноятчилар жазоланиши лозим. Интерпол Нетаньяху, Галлант ва бошқа (Исроил) мансабдор шахсларни ҳибсга олиш учун ордер бериши ва улар Халқаро суд ҳузурига чиқиши керак”, деган собиқ элчи.

Родолфо Марконе-Ло Престининг сўзларига кўра, Чили делегацияси Исроил томонидан Ғазо сектори ва босиб олинган Фаластин ҳудудларида содир этилган геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятларига эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқда. 

У, шунингдек, Халқаро суд далилларни таснифлаш ва қайта ишлашда дуч келадиган қийинчиликларга эътибор қаратган. Украина бўйича тергов пайтида Россия расмийларига нисбатан Халқаро суднинг самарадорлигини эслатиб, у мавжуд вазиятни "камситиш ва икки томонлама стандартлар" кўриниши деб атаган.

Шу билан бирга, у келажакда Исроил Бош вазири Нетаньяху фаластинликларга қарши жиноятлар учун жавоб беришига ишонч билдирган. 

“Бу қачон содир бўлишини билмайман, лекин бир кун келиб Нетаньяху жавобгарликка тортилишига ишонаман. Фаластиндаги бу ақлбовар қилмас жиноятлар ва босқинчилик тугайди Халқаро судда адолат қарор топади”, деган Прести.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняхунинг рафиқаси Сара Нетаняху Қатар Амирининг онаси шайха Моза бинт Носир ал-Миснадга мурожаат қилиб, Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилишда ёрдам сўрагани ҳақида хабар бергандик.


Мадина Отабоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Нетаньяху Халқаро жиноий суд Чилилик юристлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг