60 кунлик сулҳ: АҚШ ва Эрон сўнгги паллада янги келишувга эришди
World
−
19:05 1074 2 minutes
Вашингтон ва Теҳрон жорий йил 17 августда муддати тугайдиган 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Эрон ҳукуматидаги манбаларга таяниб, “Anadolu” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, томонлар воситачиларга битимни узайтиришга тайёр эканликларини тасдиқлаган. Бугунги кунда 17 августдан сўнг ўт очишни тўхтатиш режимининг аниқ муддатларини белгилаш бўйича музокаралар давом этмоқда.
Покистон воситачилигида жорий йилнинг 18 июнь куни АҚШ ва Эрон Исломободда англашув меморандумини имзолаган эди. Бу икки томонлама низони ҳал қилиш йўлидаги биринчи расмий қадам бўлди. Ҳужжат бир қатор асосий келишувларни мустаҳкамлайди: ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, 60 кунлик музокараларни бошлаш, АҚШ томонидан Эронга қўйилган санкцияларни босқичма-босқич бекор қилиш, Ҳормуз бўғизида кемалар қатновини қайта тиклаш ҳамда Эрон ядро дастури истиқболларини муҳокама қилиш. Шу билан бирга, Эрон ядро қуролини ишлаб чиқишдан воз кечишини тасдиқлади, АҚШ эса чеклов чораларини юмшатиш ва Эронга музлатилган активлардан фойдаланиш имкониятини қайтариш бўйича ўз зиммасига мажбурият олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ўз маслаҳатчилари билан ёпиқ муҳокамалар чоғида Эрон билан низони якунлашга ва тўлақонли ядровий битим тузмасдан туриб ғалабани эълон қилишга тайёрлигини билдирган эди. АҚШ етакчиси бундай қарор учун асосий талаб сифатида Ҳормуз бўғизининг тўлиқ очилишини келтирди. Шу билан бирга, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бош қўмондони маслаҳатчиси бригада генерали Муҳаммад Ризо Нағдий Вашингтон билан қуролли низо Дональд Трампнинг президентлик муддати якунигача узайтирилиши мумкинлигини маълум қилди.
Бунгача Эрон ва Уммон Ҳормуз бўғизи орқали янги денгиз йўллари бўйича келишувни мувофиқлаштиришнинг якуний босқичида тургани хабар қилинган эди. Шу билан бирга, Теҳрон АҚШ бир қатор талабларни бажармагунича, жумладан, товон пули тўламагунича, санкцияларни бекор қилмагунича ва ҳарбий таҳдидлардан воз кечмагунича кемаларнинг тўсиқсиз ҳаракатини қайта тиклашдан бош тортмоқда.
Live
All