6 апрелдан Ўзбекистонда янги чекловлар кучга киради
Жамият
−
05 Апрель 2020
51438Жорий йил 4 апрель куни Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда мамлакатда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Унга кўра, жорий йил 6 апрелдан эътиборан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилади:
- шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно;
- ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади;
- 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.
Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 266 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor