59 ёшли эркак кўп сув ичиши оқибатида вафот этди
Саломатлик
−
20 Март
2372159 ёшли дублинлик Шон О’Доннелга шифохонада оддий тиббий муолажадан сўнг кўп суюқлик ичиш тавсия қилингач, у “сув интоксикацияси” туфайли ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Қайд этилишича, бу ҳолат тиббиётда гипонатриемия деб номланади. Шон О’Доннель Дублиндаги Сент-Винсент университети шифохонасида оддий тиббий муолажадан ўтган. Операция режа бўйича ўтган, ундан кейин унга кўп сув ичиш тавсия қилинган.
Бироқ унинг сув ичиш миқдори шифокорлар томонидан назорат қилинмаган. Оқибатда у ўша куни кечқурун соат 19:00 да вафот этган.
Суд мажлисида айтилишича, ҳаддан ташқари кўп сув ичиши оқибатида беморнинг мияси шишган, ундан кейин эса тутқаноқ, юрак хуружи ва охир-оқибат ўлим содир бўлган. Сент-Винсент шифохонаси ўзининг хатоларини тан олиб О’Доннель оиласига 35 000 евро (479 717 000 сўм) миқдорида моддий зарар тўлаган.
Нашрга кўра, тана учун етарлича сув ичиш муҳим бўлса-да, ортиқча ва жуда тез сув истеъмол қилиш танадаги натрий даражасининг хавфли даражада пасайишига олиб келиши мумкин. Натрий бу организмдаги сув миқдорини тартибга солувчи электролит ҳисобланади. Агар унинг миқдори ҳаддан ташқари камайиб кетса, танадаги ҳужайраларда ва атрофида сув тўплана бошлайди, оқибатда улар шишади. Бу айниқса мия учун хавфли, чунки у бош суяк ичида кенгайиш имкониятига эга эмас.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир соатда 1,4 литр сув ичиш (тахминан 6 стакан) ушбу хавфли ҳолатни юзага келтириш учун етарли бўлиши мумкин.
Гипонатриемия қанчалик тез юзага келиши ҳар бир одамнинг соғлиғи ва индивидуал хусусиятларига боғлиқ. АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) бир соатда 1,4 литрдан ортиқ сув ичмасликни тавсия қилади. Оддий шароитда кунига 2 литр (тахминан 8 стакан) сув ичиш организм учун зарур саналади. Аммо тезда жуда кўп миқдорда сув ичиш ўлимга олиб келиши мумкин.
Маълумот учун, 2007 йилда Лондон марафонида 22 ёшли фитнес-инструктор Дэвид Рожерс сувни ортиқча ичиб вафот этган. 2003 йилда Индиана штатида 35 ёшли икки фарзанднинг онаси Ашли Саммерс 20 дақиқа ичида 2 литр сув ичиб, гипонатриемия туфайли ҳаётдан кўз юмган. Машҳур жанг санъати устаси ва актёр Брюс Ли 1973 йилда мия шиши оқибатида вафот этган. Дастлаб шифокорлар бунга оғриқ қолдирувчи дорилар сабаб бўлган деб ҳисоблаган. Аммо кейинчалик тадқиқотчилар унинг ўлими ортиқча сув истеъмоли оқибатида юзага келган бўлиши мумкин деган фикрга келган.
LiveБарчаси