47 давлат Хитойдаги уйғурларнинг аҳволидан хавотирда
Олам
−
15 Июнь 2022
14454БМТга аъзо 47 давлат Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятида уйғурлар ва бошқа миллий озчиликларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақидаги даъволардан хавотир билдирди.
Нидерландиянинг БМТдаги доимий вакили Пол Беккерс БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 50-сессиясидаги қўшма баёнотида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги кечиктирилган ҳисоботни зудлик билан эълон қилиши кераклигини айтди.
Ҳужжатда БМТга аъзо давлатлар уйғурларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан жиддий хавотирда экани таъкидланган.
“Кенгайтирилган тадқиқотларга асосланган кўплаб ҳисоботлар миллиондан ортиқ одам ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, уйғурлар ва бошқа миллий озчиликлар электрон кузатув ва дискриминацияга учрагани ҳақида хабарлар бор. Шунингдек, ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳаддан ташқари чекланиши, жумладан, уйғурларга ўз маданиятини ҳурмат қилиш ва ўз динига эътиқод қилишга рухсат берилмагани ҳақида хабарлар бор”, дейилади қўшма баёнотда.
47 давлат қийноқлар ва бошқа ғайриинсоний, шафқатсиз ва қадр-қимматни камситувчи хатти-ҳаракатлар, аёлларни мажбурий стерилизация қилиш, жинсий ва жинсга асосланган зўравонлик, мажбурий меҳнат ва болаларни ота-онадан ажратиш ҳақидаги хабарлардан хавотирда.
Давлатлар Пекинни зудлик билан масалага ойдинлик киритишга чақирди.
“Биз Хитойни қонун устуворлигига риоя қилишга, миллий ва халқаро қонунларга мувофиқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ҳамда БМТнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактини имзолашга чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Хитойни барча мустақил кузатувчиларга Шинжон-Уйғур автоном вилоятига тўлиқ ва тўсиқсиз киришини таъминлашга чақирди, жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг махсус процедуралар механизми. Шунингдек, Хитой 2018- йил август ойида Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмита тавсияларига амал қилишга чақирилди.
Имзоловчилар Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият муносабати билан бошқа давлатлардан “бошпана изловчиларни рад этмасликка” даъват қилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар, шунингдек, Бачелетдан Хитойга ташрифи ва Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги алоқалари ҳақида батафсил маълумот беришни, шунингдек, ташрифи чоғида чекловлар бўйича ўз кузатувлари билан ўртоқлашишни сўрамоқда.
Маълумот учун, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет ўтган ой Хитойга борди. Бироқ у мамлакатдаги уйғурларга нисбатан муносабат бўйича ҳисобот тақдим этмай келмоқда.