-43 даражагача совуқ: қозоғистонликлар қаҳратонга қандай дош беряпти? (фоторепортаж)

Олам

image

Аномал совуқ, одатдагидек кучлироқ келган қиш нафақат Ўзбекистонда, балки Қозоғистонда ҳам кузатилмоқда. Кеча мамлакатда келгуси кунларда ҳаво ҳарорати -40 даражага тушиши айтилган эди. 

Бугун, 10 январдан бошлаб Қозоғистонда ҳавонинг кескин совуши ва кучли қор ёғиши кузатилмоқда, Остона шаҳрида ҳавонинг -29° совуқ экани айтилмоқда. 

“Казгидромет” хабари

9 январь куни “Казгидромед” Қозоғистон Республикасига яқинлашиб келаётган ҳаво массалари ва об-ҳаво ўзгаришлари ҳақида маълум қилди. Унга кўра, Шимолдан кириб келаётган арктика ҳаво массаларига тўйинган антициклон мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракат қилиб, жанубий ҳудудларгача етиб боради. Жанубий ва Жануби-шарқий ҳудудларда кучли қор ёғиши кутилмоқда. 

Шунингдек:

•    ғарбда кечаси 27-35, кундузи эса 15-25 даража совуқ;

•    жанубда кечаси 12-23, кундузи 5-15 даража совуқ;

•    шимолий ва шимоли-ғарбий ҳудудларда кечаси 20-30 дан 32-40 даражагача, кундузи 13-22 дан 27-35 даражагача совуқ;

•    марказий ҳудудларда кечаси 35-40, кундузи 15-26 даражагача совуқ;

•    шарқда кечаси 20-33 совуқдан 30-43 даражагача, кундузи 15-23 даражадан 23-33 даражагача совуқ;

•    жанубий ва жануби-ғарбий ҳудудларда ҳаво ҳарорати кечаси 10-20 даражадан 20-31 даражагача, кундузи 8-16 даражадан 12-23 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Пойтахтдаги ҳолат


9 январь куни Остона шаҳри ҳокимияти шаҳар аҳолисига мурожаат билан чиқди. Унда маълум қилинишича, шу куни шаҳар йўлларида музлаш кузатилади, ҳаво ҳарорати 24-26 даражагача совуқ бўлиши ва шамол тезлиги секундига 15-20 метргача етиши маълум қилинган, шунингдек, 10 январь куни 30-32 даража, 11 январь куни 33-35 даража совуқ кутилаётгани ҳам қайд этилган. 

Хабарга кўра, профилактика ва тозалаш ишларига 2 мингдан ортиқ йўл ишчилари ва 1,5 мингга яқин махсус техника жалб этилган. 

Таълим олиш жараёнлари ҳам масофавий форматга ўтказилган. Бугунга келиб, ноқулай об-ҳаво шароити оқибатида Остона аэропортида жами 19 та рейс кечиктирилган. Аэропорт матбуот ходимининг “Tengrinews” нашрига маълум қилишича, айни пайтда қўниш ва учиш йўлакларининг қордан тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.

Олмаота 

Олмаота шаҳри аҳолиси ҳам маъмурият томонидан кечаги мурожаатда яқин икки кунда об-ҳавонинг ёмонлашуви ва кучли қор ёғишидан огоҳлантирилган, ҳаво ҳароратининг -25 даражагача совуши мумкинлиги қайд этилган. Шунингдек, пиёдалар ва ҳайдовчилардан кўчада ҳаракатланоятганда эҳтиёт бўлишлари сўралган. Бугун автомобиллар ва жамоат транспорти ҳаракатини тиклаш ва осонлаштириш учун тозалаш ишларига 10 та пудратчи ташкилоти жалб қилинган бўлиб, жами 969 та махсус техника ва 1370 нафар йўл ишчиси тозалашларда қатнашаётгани айтилди.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг эрталабги хабарига кўра, кучли бўрон, йўлларнинг музлаши, паст ҳаво ҳарорати сабабли республика бўйлаб 115 та йўл участкаси ёпилган, шундан 39 таси дизелда ҳаракатланувчи ва жамоат транспортлари учун давлат аҳамиятига молик йўл участкаларидир.

Жавоҳир Эргашев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қозоғистон қаҳратон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг