412 та мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилган. Нима учун?
Жамият
−
13 Март 2023
52762022 йилда жами 412 та мансабдор давлат харидларида рақобатга зид ҳолатларга йўл қўйгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда бугун, 13 март куни Тошкентда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказган “Давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларига қарши курашиш” мавзусидаги давра суҳбати давомида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан 2022 йил якуни бўйича давлат ва корпоратив бюртмачилар томонидан ўтказилган 31 926 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилган.
Шу жумладан, 2022 йилда жами амалга оширилган 91 016 та электрон танлов (тендер)лардан 23 757 таси (26,1%) қўмита томонидан масофавий ўрганилган.
“Таҳлил натижаларига кўра, давлат ва корпоратив бюртмачилар томонидан 6 201 та савдо жараёнида 8 698 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган. Шундан:
• 1 125 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида аффилланганлик (шерикчилик);
• 313 та ҳолатда бюртмачи ва иштирокчи ўртасида манфаатлар тўқнашуви;
• 6 728 та ҳолатда савдолар ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш;
• 42 та ҳолатда бюртмачилари томонидан савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
• 58 та ҳолатда иштирокчиларни асоссиз равишда четлаштириш;
• 432 та ҳолатда савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш каби қонунбузилишлар аниқланган”, дейилади қўмитанинг QALAMPIR.UZ’га тақдим этган хабарида.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига эса қуйидагича таъсир чоралари кўрилган:
• 5 507 та қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ тартибот ва бошқа органларига маълумотномалар киритилган;
• 235 та қонун бузилиши ҳолатлари бюртмачилар томонидан ихтиёрий бартараф этилган;
2 956 та ҳолат бўйича Қўмита томонидан 620 та иш қўзғатилиб, 530 та кўрсатмалар берилган ҳамда 412 та мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, қўмита ўз ваколат доирасида давлат харидлари ижрочилари тўғрисидаги маълумотларни доимий мониторинг қилиш орқали харидлар жараёнида рақобатга таъсир этувчи омиллар бартараф этиб келинаётганини қўшимча қилган.
LiveБарчаси