300 миллиард сўм сарфланган сайлов қандай ўтмоқда? (фоторепортаж)

Жамият

image

Бугун, 24 октябрь куни Ўзбекистонда муҳим сиёсий жараён – Президет сайлови бўлиб ўтмоқда. Соат 8:00 дан бошлаб сайлаш ҳуқуқига эга 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари мамлакат раҳбарини сайлаш учун овоз бермоқда.

Ўзбекистонда илк бор бундай муҳим сиёсий жараён пандемия даврига тўғри келди. Шу сабабли сайлов участкаларига киришда сайловчининг ҳарорати ўлчаниб, қўллари антисептик билан зарарсизлантириляпти. Шунингдек, ниқоби йўқ фуқароларга "маска" ҳам тарқатиляпти.

Марказий Сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, бу галги президент сайловида 10 761 та сайлов участкаси ташкил этилиб, 21,2 миллион сайловчи рўйхатга олинган. Уларнинг бир миллионга яқини бу йил сайлаш ҳуқуқидан илк бор фойдаланади. Соат 15:00 ҳолатига кўра, сайловчиларнинг 12 748 549 нафари (64,2 фоизи) ўз овозини бериб бўлди.

Шунингдек, 14-20 октябрь кунлари сайлаш ҳуқуқига эга ўзбекистонликлар учун муддатидан илгари овоз бериш имконияти ҳам берилди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, жами 421 618 нафар ўзбекистонлик бу галги президент сайловида муддатидан илгари овоз берган. Улардан 120 мингдан ошиғи хориждаги ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келган.

Сайловчиларни биринчилардан бўлиб қарши олаётган санитария ходимлари

Сайлов кампаниясига жорий йилнинг 23 июль куни старт берилган. Номзодларнинг сайловолди тарғиботи эса 20 сентябрь куни бошланганди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясига 300 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган. Бу ҳақда “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда сўз боради.

Сайловчилар овоз бериш навбатда турибди. Участкаларда масофани сақлаш учун белгилар ўрнатилган.

МСК ахборотига кўра, ушбу маблағлар қуйидагича тақсимланган:

•    округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил этиш учун умумий маблағнинг 89 фоиз миқдорида ёки 267,6 млрд сўм;

•    бешта сиёсий партияларнинг сайловда иштирокини молиялаштириш учун 5 фоиз миқдорида ёки 15,5 млрд сўм, ҳар бир сиёсий партия учун 3,1 млрд сўмдан;

•    Марказий сайлов комиссияси томонидан марказлашган тартибда амалга ошириладиган харажатлар учун 4 фоиз миқдорида ёки 10,5 млрд сўм;

•    бошқа давлат органлари томонидан сайлов жараёнида амалга ошириладиган тадбирлар харажатларига 2 фоиз миқдорида ёки 6,4 млрд сўм.

Ўз навбатида, президентликка номзодлар ҳам сайловда иштирок этиб, ўзлари муносиб, деб топган номзодга овоз берди. Жумладан, Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани Алишер Навоий маҳалласидаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида иштирок этди. Мирзиёевнинг 9 нафар оила аъзоси ҳам сайлов участкасида бўлди ва улардан сайлов ҳуқуқига эгалар овоз берди.

“Миллий тикланиш” демократик партиясидан президентликка кўрсатилган Алишер Қодиров турмуш ўртоғи билан Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги 116-сайлов участкасида овоз берди.

Пандемия даврида ўтаётган сайлов

“Адолат” социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов ҳам сайловда ўз овозини берди. У оиласи билан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 405-сайлов участкасида ташкил этилган сайлов участкасига ташриф буюрди.

Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов ҳам сайловда ўз овозини берди. У оиласи билан Тошкент шаҳрининг Янги Ҳаёт туманидаги 539-сайлов участкасига ташриф буюрди.

Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова ҳам сайловда овозини берди. У пойтахтнинг Учтепа туманидаги 116-мактабда ташкил этилган сайлов участкасига ташриф буюрди.

Эслатиб ўтамиз, сайлов кечки соат 20:00 гача давом этади. Сайловчилар Ўзбекистонда мавжуд 5 та партия томонидан кўрсатилган 5 нафар номзоддан бирига овоз бериш ҳуқуқига эга.

1


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов

Баҳолаганлар

87

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made