3 нафар ўзбекистонлик Малайзияда ўлимга ҳукм қилинди (видео)
3-саҳифа
−
25 июн 7593 2 дақиқа
Бир неча йил олдин Малайзияда икки нафар ўзбекистионлик аёл ва уларнинг бир нафар таниши ўлим жазосига ҳукм қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг истеъфодаги ходими Ўктам Сувонов маълум қилди.
Унинг айтишича, бир неча йил олдин уч нафар Ўзбекистон фуқароси, хусусан, 56 ва 54 ёшли аёллар Куала-Лумпур аэропортида йирик ҳажмдаги гиёҳванд моддалар билан қўлга олинган. Кейинчалик Малайзия суди уларни ўлим жазосига ҳукм қилган. Ҳаммаси аёллардан бирининг қизи чет элликка турмушга чиққани ва онасига Малайзияга бепул саёҳат таклиф қилганидан бошланган. Аёл ўзи билан бирга 25 йил давомида ногирон қизини парваришлаб келаётган қўшнисини, шунингдек, яна бир танишини таклиф қилган.
Парвозга саноқли дақиқалар қолганда уларга нотаниш бир шахс бўш чемодан берган. Куала-Лумпурга учиб борганидан кейин аёлларни ҳеч ким кутиб олмаган. Шу вақтда улар аэропорт хавфсизлик хизмати ходимларининг эътиборини тортган.
Текширув давомида ҳар бир чемоданда тўрт килограммдан метамфетамин – синтетик гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган. Сувоновнинг сўзларига кўра, ўзлари билмаган ҳолда наркокурьерларга айланиб қолган аёллар айнан шу тарзда энг оғир жиноятлардан бирида айбланувчи бўлган.
Суванов Малайзияга шахсан ўзи борган ва қамоқхонада аёллар билан кўришган. Унинг сўзларига кўра, аёллардан бири учрашув пайтида хотирасида бир умрга муҳрланиб қолган гапни айтган: “Сиз, эҳтимол, ҳаётимда кўриб турган энг сўнгги ватандошимсиз”.
Ўктам Сувонов ўлим ҳукми ижро этилган-этилмагани ҳақида маълумот бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 2025 йилнинг апрель ойида жанжал уюштирган 6 нафар Ўзбекистон фуқаросига умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Live
Барчаси