250 000 доллардан қатлгача – дунё мамлакатларида карантинни бузганларни қандай жазо кутади?

Олам

image
Карантинга олинган ҳудудларда назорат кучайтирилди north_east

Карантинга олинган ҳудудларда назорат кучайтирилди

Бутун дунё коронавирус билан қаттиқ курашмоқда. Ўз навбатида, вирус ҳам кун сайин шиддат билан сайёра бўйлаб тарқалмоқда. Қанчадан қанча одамларнинг ёстиғини қуритмоқда. Ҳар бир давлат коронавирус ёйилишининг олдини олиш мақсадида карантин жорий этмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам баъзи карантин ва чеклов тадбирлари йўлга қўйилмоқда.

Аммо, афсус билан таъкидлаш лозимки, олиб борилаётган чора-тадбирларга тушунмай ёки уларни менсимай, ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиб, карантинга олинган ҳудудлардан қочиб кетаётган фуқаролар ҳам учрамоқда. Буни сўнгги икки кунда Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги карантин марказларидан қочган шахслар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, яьни 257-1-моддасида қайд этилган жиноятни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш назарда тутилган.

Хўш, бу борада хориж давлатларида қандай чоралар кўрилади, карантин қоидаларини бузганлар қай тартибда жазоланади?

Карантин қоидаларини бузганлиги учун Аргентинада 3 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 1600 доллар жарима жазоси қўлланилади. Сингапурда эса 7000 доллар жарима ва 6 ой қамоқ жазосига тортилади. 

АҚШда бу жазо янада оғирроқ. Қўшма Штатларда карантин қоидаси бузилиши оқибатида одамлар вафот этгани аниқланса, 250 000 доллар жарима ёки бир йил қамоқ, вафот этмаса 100 000 доллар ёки бир йиллик қамоқ жазоси қўлланилади.

Францияда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига биноан ҳар қандай чора қўлланилиши мумкин. 

Австралияда бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ёки 50 000 доллар. Италияда карантинни бузганлик учун жазо бироз енгилроқ - 206 евро жарима ёки 3 ой қамоқ. Украинада агар қоида бузилиши оқибатида одамлар вафот этса, жаримага тортилмайди – 5-8 йилгача қамоқ жазоси берилади. Агар вафот этмаса 51 000 гривен ёки уч йилгача қамоқ жазосига тортилади. 

Жанубий Кореяда карантин тартиби бузилганда 8 200 АҚШ доллари миқдоригача жарима ёки бир йилгача қамоқ жазоси қўлланилади. Cанитар назорати хизматидагиларга қаршилик кўрсатганлар 700 АҚШ доллари миқдоригача жаримага тортилиши мумкин.

Озодликдан маҳрум этмай, фақат жарима билан чегараланадиган давлатлар ҳам бор. Улар сирасига Испания (1500 дан 600 000 еврогача), Мальта (14 000 евро), Польша (1200 евро), Словакия (1650 евро), Хорватия (1100 дан 15 000 еврогача), Чехия (130 000 доллар) киради.

Хитойда карантин қоидаларини бузганлик учун 700 доллар жарима ёки уч йилгача қамоқ жазоси қўлланилади. Агар у атайлаб шу ишни қилгани исботланса, 10 йилдан то умрбод қамоқ жазосигача тайинланади ёки қатл этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

карантин

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made