2030 йилга бориб “Яшил” энергия ишлаб чиқаришни 40 фоизга етказамиз – вазир ўринбосари
Жамият
−
15 Ноябрь
1996Ўзбекистон иқлим ўзгариши муаммосининг жиддийлигини тан олади ва 2030 йилга бориб яшил энергия ишлаб чиқаришни 40 фоизга етказади. Бу ҳақда Энергетика вазирининг ўринбосари Умид Мамадаминов Озарбайжоннинг Баку шаҳрида бўлиб ўтган COP29 доирасидаги Марказий Осиёда энергияга ўтиш бўйича инвестиция форумида маълум қилди.
Вазирлик расмийсининг таъкидлашича, Ўзбекистон тоза энергияга ўтиш ва углерод бозорларини ривожлантириш тарафдори. Унинг сўзларига кўра, республика ҳам энергияни кўп истеъмол қилувчи мамлакат бўлиб, атмосферага чиқаётган чиқиндиларнинг 70 фоизи энергетика секторига тўғри келади.
“Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ўзининг углерод изларини камайтириш учун қайта тикланадиган энергия манбаларини интеграциялаш ва 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга интилмоқда. Қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариладиган электр энергияси камида 40 фоизни ташкил этади, шунинг учун ҳам бизнинг асосий мақсадимиз – қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш”, деган Мамадаминов.
Вазир ўринбосари тоза энергияга ўтишда чегарадош давлатлар билан трансчегаравий алоқаларни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилиш муҳимлигини қўшимча қилган.
“Ҳозирда кўплаб гидроэнергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда, биз Қирғизистон ва Қозоғистон, шунингдек, Тожикистон билан ҳамкорликда иш бошладик”, дейди вазир ўринбосари.
Мамадаминовнинг айтишича, ҳозирда барча Марказий Осиё давлатлари углерод бозори бўйича ўз стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий база ишлаб чиқилмоқда ва 2024 йилнинг охиригача тайёр бўлади.
Шунингдек, у иқлим бўйича мақсадларга эришиш учун молия институтларининг ҳамкорлиги ва халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами зарурлигини таъкидлаб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бакуда COP29 саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида “яшил” энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзолангани хабар қилинганди.
LiveБарчаси