2026 йил ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади

Жамият

image

Ўзбекистонда келаси йил ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади. Бу ҳақда бугун, 15 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан ўтказаётган мулоқотида маълум қилинди.

“Биз ёшларимизни нафақат замон билан ҳамнафас, балки келажакка тайёр қилиб тарбиялашимиз керак. Ҳеч қачон унутмайлик, келажак – замонавий билимлар билан қуролланган янги касб эгалариники бўлади”, деди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, иқтисодиётга йилига 30-35 миллиард доллар инвестиция, янги йўналишлар, замонавий технологиялар кириб келяпти, минглаб корхоналар ишга тушяпти. Шунинг ўзидан йилига 250-300 минг атрофида юқори даромадли иш ўринлари пайдо бўляпти.

Бу жойлар, энг аввало, ёшлар ишли бўлиши учун қўшимча имконият. Лекин улар замонавий технология ва хорижий тилларни билиши, касбий кўникма ва малакага эга бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинмоқда. Ушбу агентлик ва ҳокимларнинг асосий вазифаси барча 598 та техникумга янги муҳит олиб кириш ва халқаро стандартларни жорий қилишдан иборат бўлади.

Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Швейцария, Хитой, Корея, Британия каби давлатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг энг илғор касбий таълим дастурлари жорий қилиниши белгиланди. Бундан ташқари, касбий кўникмаси бор исталган талабгор ушбу техникумларда хорижий давлатларнинг малакани баҳолаш тизими орқали имтиҳондан ўтиб, халқаро сертификат олиши мумкин бўлади.

Жорий ўқув йилидан Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳудудлардаги 14 та техникумда “БИТЕК” халқаро дастури бошланди. Бу орқали ёшлар халқаро стандартлар асосида туризм, ахборот технологиялари, тиббиёт, қурилиш, логистика, электротехника, энергетика, машинасозлик, биотехнология, креатив иқтисодиёт каби йўналишларда талаб юқори касбларни эгаллайди.

Келаси йили саноатда қарийб 45 миллиард долларлик 456 та йирик лойиҳа бошланади. “Инвестор – тармоқ – техникум” занжири асосида техникумларда дуал таълим йўлга қўйилади. Корхоналар билан аниқ лойиҳалари бўлган техникумлар ўртасида замонавий устахоналарни барпо қилиш бўйича танлов ўтказилади. Танлов ғолибларига устахона учун замонавий ускуна ва жиҳозлар, спорт анжомлари олиб берилади.

Мулоқотда дуал таълим билан қамров 5 баробар оширилиши таъкидланди. Ҳамкор корхоналарни рағбатлантириш мақсадида уларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилиб, дуал таълим орқали ишлаётган ўқувчилар бўйича ягона ижтимоий тўлов икки баробар қисқартирилади. 

Айни пайтда янги технологияларни ўзлаштириш, хорижий инвесторлар билан эркин мулоқот қилиш учун чет тилларини ўқитиш жуда муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, техникумлардаги хорижий тиллар учун ажратилган соатлар 4 карра кўпайтирилади. 

Умуман, келгуси йилдан янги рақамли платформа ишга туширилади. Унда техникум битирувчиларининг касбий кўникмалари ҳақидаги барча маълумотлар нафақат ўзимизнинг, балки хорижий иш берувчилар учун ҳам очиқ-ошкора бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб касб-ҳунар технекум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг