2025 йилда Россияда SIM-карта беришнинг янги тартиби йўлга қўйилади
Олам
−
28 Декабрь
53632025 йил 1 январдан бошлаб Россия Федерациясида SIM-карталарни чиқаришнинг янги қоидалари жорий этилади. Бу ҳақда мамлакатнинг Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий ахборот воситалари вазирлиги хабар берди.
Унга кўра, 2025 йилдан бошлаб Россияда битта абонентга бериладиган SIM-карталарнинг сонига чекловлар жорий этилади. Россия фуқаролари 20 тадан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга эса 10 тадан кўп бўлмаган SIM-картага эга бўлишга рухсат этилади.
Россияликлар учун янги қоидалар 2025 йил 1 апрелдан, чет элликлар учун 2025 йил 1 январдан кучга киради.
Қайд этилишича, алоқа операторлари хизматлар кўрсатишдан олдин, шу қаторда Ягона идентификация ва аутентификация тизими (USIA) ва Ягона биометрик тизимдан (UBS) фойдаланган ҳолда абонентлар ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигини текшириши керак бўлади.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 январдан бошлаб корпоратив SIM-карталар фақат меҳнат шартномаси ёки фуқаролик шартномаси бўйича ишлайдиган ходимларга берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда телефон рақамларини фақатгина ҳукумат портали орқали бериш тизимини жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди. Мамлакатнинг Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмика саноати вазирининг ўринбосари Асхат Оразбекнинг сўзларига кўра, ушбу чора телефон фирибгарлигига қарши курашиш мақсадида амалга оширилади. Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги яқин орада тегишли қонунчилик ташаббусини тақдим этади.
LiveБарчаси