2024 йилда шимолий яримшар учун энг иссиқ ёз бўлди
Бу қизиқ
−
06 Сентябрь
2655Глобал исиш кучайиши жараёнида дунё шимолий яримшари ўзининг энг иссиқ ёзидан чиқди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Иқлим ўзгариши мониторинги хизматига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Коперник иқлим ўзгариши хизмати (C3S) ойлик бюллетенида айтилишича, жорий йилнинг июнь-август ойлари ўтган йилгидан ўтиб, тарихдаги энг иссиқ ёз сифатида қайд этилган.
“2024 йилнинг сўнгги уч ойи давомида Ер шари энг иссиқ июнь ва август ойларини, рекорд даражадаги энг иссиқ кунни ва энг иссиқ бореал ёзни бошдан кечирди”, деди C3S директори ўринбосари Саманта Бургесс.
Саманта Бургессга кўра, агар давлатлар зудлик билан сайёрадаги иссиқлик чиқиндиларини камайтирмаса, экстремал иссиқ янада кучаяди. Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгаришининг асосий сабаби қазиб олинган ёқилғиларни ёқиш оқибатида чиқадиган иссиқхона газлари ҳисобланади.
Қайд этилишича, сайёранинг ўзгараётган иқлими бу ёзда ҳам фалокатларни кучайтиришда давом этмоқда. Хусусан, Суданда ўтган ой кучли ёмғирдан келиб чиққан сув тошқинлари 300 мингдан ортиқ одамга зарар етказди ва урушдан вайрон бўлган мамлакатга вабони олиб келди.
Бундан ташқари, олимлар иқлим ўзгариши Италиянинг Сицилия ва Сардиния оролларида давом этаётган кучли қурғоқчиликка сабаб бўлаётганини тасдиқлади. Июль ойида Филиппин, Тайвань ва Хитойни кузатилган Гаэми тўфони 100 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлди.
Маълумот учун, C3S 1940 йилдан буён шу каби маълумотларни йиғади. Марказ олимлари бу ёз 1850 йил саноатгача бўлган даврдан бери энг иссиғи бўлганини аниқроқ тасдиқлаш учун яна бошқа маълумотлар билан таққослаши зарурлигини қайд этди.
LiveБарчаси