2024 йилда дунёдаги қурол савдоси рекорд даражага етди – БМТ
Олам
−
11 Декабрь 1508 2 дақиқа
2024 йилда дунёдаги қурол савдоси рекорд даражага етди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк маълум қилди.
Қайд этилишича, энг йирик 100 та қурол ишлаб чиқарувчи компаниянинг даромади ўтган йили 679 миллиард долларни ташкил этган. Бу кўрсаткичнинг ўсишига Украина ва Ғазодаги урушлар, глобал кескинликларнинг кучайиши ҳамда давлатлар томонидан ҳарбий харажатларнинг кўпайиши сабаб бўлган.
Тюрк БМТнинг Женевадаги офисида журналистлар билан учрашувда 2025 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича маълумот берди. У инсон ҳуқуқлари етарли молиялаштирилмаётганини ва уларга қарши босим кучайганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Ғазо ҳали ҳам тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадаги азоб-уқубатлар, қўрқув ва йўқотишлар ҳудуди бўлиб қолмоқда. Сулҳга қарамай, ҳужумлар ва қурбонлар камайган бўлса-да, тўлиқ тўхтамаган.
Ғарбий Соҳилда исроиллик ҳарбийлар ва кўчманчилар томонидан фаластинликларга нисбатан ҳужумлар кучайган. Судан бўйлаб армия ва Тезкор реакция кучлари ўртасидаги тўқнашувлар давом этиб, аҳолига жиддий зарар етказмоқда. Украинада эса тинч аҳоли ўртасида қурбонлар сони ўтган йилга нисбатан 24 фоизга ошган.
Тюрк БМТ фаолияти учун зарур бўлган маблағ тамоман ажратилмагани сабаб 90 миллион долларлик танқислик юзага келганини, бу эса 300 та иш ўрни қисқаришига ҳамда Конго Демократик Республикаси, Колумбия, Мянма, Тунис ва бошқа давлатлардаги муҳим лойиҳаларнинг тўхташига олиб келганини маълум қилди.
Унинг айтишича, жорий йилда айрим тинчлик бўйича ҳаракатлар амалга оширилган бўлса-да, Ғазо, Конго Демократик Республикасининг шарқи, шунингдек, Таиланд ва Камбоджада тузилган келишувлар аҳолига етарли ҳимоя бера олмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил полицияси БМТ ташкилотининг биносига бостириб кирганди.
Live
Барчаси