2024 йил уруш ҳудудида яшаётган болалар учун тарихдаги энг оғир йил бўлди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 4 июнь кунини “Тажовуз қурбони бўлган бегуноҳ болалар куни” деб эълон қилди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу сана 1982 йилда Фаластин ва Ливандаги исроилликлар ҳужумидан жабрланган болаларни ёдга олиш учун белгиланган.

UNICEF’нинг 2024 йилнинг декабрь ойида чоп этилган ҳисоботига кўра, ҳозирги кунда уруш ҳудудларининг сони Иккинчи жаҳон урушидан бери энг юқори даражага етган.

Тахминан 473 миллион бола яъни дунё бўйича ҳар беш боланинг бири зўравонлик ҳукм сураётган ҳудудларда яшамоқда. UNICEF бу йилни “болалар учун энг оғир йиллардан бири” деб атаган.

Humanium ташкилоти ҳисоботида Ғазо сектори “ер юзидаги энг хавфли жой” деб аталган. 2024 йил давомида у ерда 11 минг 300 дан ортиқ бола ҳалок бўлган, улардан 30 фоизи 5 ёшга тўлмаган болалар бўлиб, 710 нафар чақалоқ ҳали бир ёшга ҳам етмаган.

Humanium ва Save the Children ташкилотлари Исроилнинг Ғазога қарши ҳужумлари, блокада, очлик ва дори-дармон танқислиги болаларнинг нафақат ҳаётига, балки руҳий ҳолатига ҳам катта зарар етказаётганини таъкидлаган. UNICEF вакили Жеймс Элдер Ғазони “миллионлаб болалар учун ер юзидаги жаҳаннам” деб атаган.

БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWA) фаолиятининг қисқариши Ғазодаги гуманитар инқирозни кучайтирган. Исроилнинг Ливанга уюштирган ҳужумлари ҳам болалар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатган. 2024 йил декабрь ҳолатига кўра, Ливанда 231 бола ҳалок бўлган, 1300 дан ортиғи жароҳат олган.

Суданда 2023 йил апрелидан бери давом этаётган фуқаролар уруши юзлаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. UNICEF маълумотига кўра, уруш бошида камида 190 бола вафот этган.

Африкадаги Саҳел минтақасида болалар зўравонлик, очлик ва таълимдан маҳрумликдан азият чекмоқда. Буркина-Фасода 7 800 дан ортиқ мактаб ёпилган, 1,4 миллион бола таълим олиш имконидан маҳрум бўлган.

Яманда 600 мингдан ортиқ бола 5 ёшгача бўлганлар орасида ўта даражада озиқланиш танқислигидан азият чекмоқда.

Гаитида эса 2024 йил давомида болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳоллари ошган.

Таълим ва соғлиқни сақлаш муаммолари

Ҳозирги вақтда 52 миллиондан ортиқ бола таълим олиш имконидан маҳрум. Соғлиқни сақлаш тизими ҳам жиддий зарар кўрмоқда – дунё бўйича эмланмаган болаларнинг 40 фоизи уруш бўлаётган мамлакатларда яшайди. Бу уларни қизамиқ ва полиомиелит каби касалликларга қарши ҳимоясиз қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйича ҳар ўнинчи, яъни 160 миллион нафар бола мажбурий меҳнатга жалб этилгани ва улардан деярли ярми қуролли можаролардан зарар кўрган мамлакатларда яшаши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

болалар Фаластин Ливан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг