2022 йилда шаҳарсозлик қоидаларини бузган 6 мингдан ортиқ мансабдор жавобгарликка тортилди
Жамият
−
28 Январь 2023
63862022 йилда қурилиш бўйича инспекция назорати қанча объектга нисбатан чора кўрилгани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда кеча, 27 январь куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил қилинган йиғилишда Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи Козим Тўлаганов маълум қилди.
Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан 2022 йилда жами 32 мингдан ортиқ объектлар рўйхатдан ўтган бўлиб, уларда 113 мингдан ортиқ назорат ишлари амалга оширилган. Мазкур объектларда бош режаларнинг бузилиш ҳолатлари сони 807 тани ташкил этган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) бўйича жами 6116 та мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.
Бундан ташқари, 2022 йил давомида 1221 та объектнинг қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилди. 433 та объектда бузилиш ишлари олиб борилди. Жумладан, инспекциялар томонидан 49 та ҳолатда қурилиш учун ер ажратишда ҳокимларнинг қарорлари бекор қилинган. Муаллифлик ва техник назоратни бузгани учун 874 та лицензия ва ҳужжат бекор қилинди. Сифатсиз қурилиш ашёсидан фойдалангани учун 396 та объект юзасидан тегишли ташкилотларга тақдимномалар берилган.
“Фуқаролар ёзаётган ҳар бир мурожаат тўғри аслида, биз бу борада масъулиятсизлик қилишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар бир қурилаётган объект учун барчамиз бирдек жавоб беришимизни унутмаслигимиз керак”, дейди Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи Козим Тўлаганов.
Шунингдек, йиғилишда ўз хизмат вазифаси давомида сусткаштликка ҳамда қўпол қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун Бухоро ҳамда Андижон вилояти инспекция раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани айтиб ўтилди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь