2022 йилда дунёда қочқинлар ва уйидан кўчирилганлар сони 108 миллиондан ошди
Бу қизиқ
−
14 Июнь 2023
2639Урушлар, зўравонликлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши туфайли дунё бўйлаб ўз уйларини ташлаб кетган қочқинлар ва бошқа жойга кўчирилганлар сони 2022 йил охирига келиб 108,4 миллионга етди. 12 ой ичида бу кўрсаткич 19,1 миллионга ўсди. Бу ҳақда бугун, 14 июнь куни Женевада эълон қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси йиллик ҳисоботида айтилган.
Унинг муаллифларига кўра, 108,4 миллион киши рекорд даражадаги кўрсаткичдир. Бир йилда уларнинг сони 19,1 миллионга ортгани эса қочқинлар ва кўчирилганлар сонининг йил давомидаги энг катта ўсиши ҳисобланади. Таъкидланишича, 108,4 миллион кишининг 35,3 миллиони ўз мамлакатлари ҳудудини тарк этган қочқинлар, 62,5 миллиони ички кўчирилганлар, қолганлари эса БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ҳимоясида бўлган бошқа тоифадаги шахслардир.
“Ушбу ўсиш суръатининг секинлашуви аломатлари йўқ, чунки Суданда можаро авж олгани одамларнинг янги кўчишига сабаб бўлди”, деди департамент.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг май ойига келиб дунёда ўз уйини тарк этишга мажбур бўлганлар сони 110 миллионга етган.
2022 йилдаги энг катта кўчиш Украинадаги уруш билан боғлиқ бўлди: бу мамлакатдан қочқинлар сони 27,3 мингдан 5,7 миллионга кўпайди. Аҳолининг бундай тез чиқиб кетиши Иккинчи жаҳон урушидан бери дунёнинг ҳеч бир жойида кузатилмаган.
Шунингдек, БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги "ҳимояга муҳтож шахслар" сифатида таснифланувчи Эрондаги афғон ҳамда Колумбия ва Перудаги венесуэлалик қочқинлар сонини ҳам кўпайганига эътибор қаратган.
Ўтган йили 339 мингдан ортиқ қочқин ўз ватанларига, жумладан, Жанубий Судан, Сурия ва Камерунга қайтган. БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Эфиопия, Мьянма, Сурия, Мозамбик ва Конго Демократик Республикасида ва бошқаларда 5,7 миллион ички кўчирилганларнинг уйига қайтишини рўйхатга олган.
LiveБарчаси