2022-2023 йилдан битирувчиларнинг баҳолари ОТМга кириш имтиҳонида инобатга олинади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг баҳоларини олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”аги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда абитуриентларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда кириш имтиҳонларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Фармоннинг 10-бандига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномаси (диплом иловаси)га мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичи киритилади ва ушбу кўрсаткич 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олинади.

Ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг баҳоларини олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартибини Давлат тест маркази Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар ишлаб чиқиш белгиланган.

Қарор лойиҳасида: 

•    тасарруфида умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўз битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳоларини акс эттирувчи электрон платформани яратиши;
•    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, тасарруфида умумий ўрта таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар ўз платформаларини ўзаро ҳамда Давлат тест марказининг ABITUR махсус дастурига интеграциясини амалга ошириши;
•    хорижий таълим муассасаларини тамомлаган, шунингдек, 2023 йилга қадар мулкчилик шаклидан қатьи назар умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи сифатида шаҳодатнома (аттестат)даги (диплом иловасидаги умумтаълим фанлари бўйича) баҳоларнинг ўртача кўрсаткичини қабул қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, қарор билан умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг баҳоларини олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби тасдиқланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ имтиҳон

Баҳолаганлар

1810

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг