2021 йилдан Ўзбекистон қатор давлатлар билан авиақатновларни йўлга қўяди
Жамият
−
10 Декабрь 2020
13829Кеча, 9 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеселектор йиғилиши ўтказилди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида ёндашувларни қайта кўриб чиқиб, мамлакатнинг туризм салоҳиятини тиклаш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Президент бу борадаги энг катта манба, аввало, зиёрат туризми эканлигини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бор. Бу имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин.
Йиғилишда 2021 йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Миллий авиакомпанияда чипталар нархи баландлиги танқид қилиниб, уни арзонлаштириш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигида Идоралараро комиссия тузилади. Ушбу комиссия авиапарвозларни ташкил этиш, уларга рухсат олишни соддалаштириш, қатновлар географиясини кенгайтириш ва аэропорт хизматларини яхшилаш бўйича тизимли шуғулланади.
LiveБарчаси