200 дан ортиқ ўзбек ҳарбийлари тожик-афғон чегарасига борди

Олам 7720
image
-

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 200 дан ортиқ аскари қўшма машғулотларда қатнашиш учун Тожикистонга келди. Бу ҳақда Тожикистон ҳукуматидаги манбага асосланиб хабар берилган.  

Таъкидланишича, ҳарбий контингент Термиздан Хатлоннинг “Харбмайдон” полигонига қадар ўз ҳарбий техникасида 200 километрга яқин масофани босиб ўтган. Кеча, 1 августдан ўзбек аскарлари ва офицерлари “Харбмайдон” полигонига қўмондонлик пунктларини жойлаштирган ва ўқ отиш жойларини ўрнатишни бошлаган. 

Ўзбек аскарлари ва офицерлари 5-10 август кунлари тожик-афғон чегараси яқинидаги полигонда ўтказиладиган Тожикистон, Россия ва Ўзбекистон Қуролли кучлари бўлинмаларининг қўшма машғулотларида қатнашади.

Ўзбекистон “Харбмайдон” полигонига 20 дан ортиқ ҳарбий техника ҳам юборган. Машқларда Тожикистон, Россия ва Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари Афғонистондан Тожикистон ҳудудига тўдалар кўчиши масаласида биргаликда ҳаракатлар ишлаб чиқади. 

Машқларга авиация, артиллерия, зирҳли техника, шунингдек, уч давлатнинг 2 мингдан ортиқ аскар ва офицерлари жалб қилинади. 

Аввалроқ, жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказиши ҳақида хабар бергандик. Қайд этиш керакки, ушбу ҳарбий машғулотларнинг бир қисми Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида бўлиб ўтади.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 95
Рейтинг: 3
t
×