20 яшар йигит ўғирлаган машинани металлоломга топшириб юборди
Жамият
−
22 Апрель 2023
15876Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида 20 яшар йигит ўзганинг машинасини олиб қочиб, уни металлоломга топшириб юборди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти Матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, воқеа жорий йилнинг 30 март кунидан 31 март кунига ўтар кечаси содир бўлган. Номаълум шахс туманнинг Бунёдкор кўчасида яшовчи 27 ёшли Т.Б.нинг бошқарувида бўлган VAZ-2101 русумли автомашинани уй эшиги олдида эшикларини очиқ ва калитини ўт олдириш жойида қолдирганидан фойдаланиб, автомашинани номаълум томонга олиб қочиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юқоричирчиқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида мазкур жиноятни 20 ёшли Р.М. содир этгани аниқланган. У давлат рақам белгиларини ечиб, Юқоричирчиқ тумани “Фаровон” маҳалласида жойлашган хонадонига олиб бориб 2 000 000 сўм пул эвазига металлолом сифатида сотиб юборган. Мазкур хонадон кўздан кечирилганида жабрланувчига тегишли автомашина қисмларга бўлинган ҳолатда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
“Жиноят иши доирасида гумонланувчининг кўрсатмаларидан келиб чиқиб, мазкур жиноятга бошқа алоқадор бўлган шахсларни аниқлашга қаратилган чора тадбирлар ўтказилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.