20 млрд сўм асоссиз даромад олган кластерлар аниқланди
3-саҳифа
−
12 Июль
9105Пахта тўқимачилик ва ёғ-мой кластерлари томонидан 20 млрд сўм асоссиз даромадлар олинганлиги аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Билдирилишича, Рақобат қўмитаси томонидан 2024 йилнинг I ярим йиллиги давомида юқори ликвидли ва (ёки) монополь турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи кластерлар томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларнинг сунъий ошишини олдини олиш бўйича назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик мониторинг кузатувлари олиб борилган.
Республика бўйлаб ўтказилган текширишлар давомида юқори ликвидли ва (ёки) монополь маҳсулотларни:
-
жадвалларда назарда тутилган муддатларда биржага маҳсулотни қўймаслик ёки уни кам ҳажмда ёхуд мувофиқ бўлмаган ҳажмда қўйиш;
-
жадвалларни белгиланган муддатда биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмаслик;
-
форвард шартномаси бўйича маҳсулотни бир ойдан кам бўлган муддатда юклаб жўнатиш;
-
шартномаларга асосан тўғридан тўғри сотилиш ҳолатлари;
-
биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Таъкидланишича, ушбу омиллар озиқ-овқат ва трикотаж маҳсулотларининг нархларига бевосита ёки билвосита таъсир қилиб, уларнинг истеъмол бозорларида нархи ошишига олиб келиши мумкин.
“Юқоридагиларга кўра, ўтказилган ўрганишлар натижасида Республика бўйича умумий ҳисобда жами 20 млрд сўмга яқин асоссиз олинган даромадлар аниқланди, мазкур ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилиши аломатлари билан, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида қонун бузилишига йўл қўйган барча кластерларга нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, жавобгарликлар белгилаш юзасидан қарор ва кўрсатмалар берилди ва бу борада ишлар давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жиззах вилоятидаги айрим туман ҳокимларининг қарорларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва ҳужжатлар бекор қилинганди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь