20 кишининг психотропдан заҳарланиши ортидан ўзбекистонлик ҳибсга олинди
3-саҳифа
−
21 Ноябрь 2023
6484Ички ишлар вазирлиги ходимлари Астраханда 20 кишини заҳарлаган дори воситаларини сотишда гумон қилинган уч нафар хорижликни қўлга олди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волкга таяниб хабар берди.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Россия ИИВ ҳудудий бош бошқармасининг наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бошқармаси ходимлари гумонланувчиларнинг шахсини аниқлади. Улар Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон республикаларининг уч нафар фуқароси бўлиб чиқди. Улар Ставрополь ўлкасида ушланиб, Астраханга олиб кетилган.
Волкнинг хабарига кўра, Россиянинг минтақавий ички ишлар вазирлиги тиббиёт муассасасидан 20 нафар астраханлик номаълум моддадан заҳарланиш белгилари билан реанимация бўлимига ётқизилгани ҳақида маълумот олган. Жабрланувчилар бир кун олдин синтетик гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани аввалроқ аниқланган эди.
“Ушбу фактлар асосида Россия Ички ишлар вазирлигининг Астрахан шаҳри бўйича тергов бошқармасининг ахборот ва телекоммуникация технологиялари, гиёҳванд моддалар савдоси ва иқтисодий соҳада содир этилган жиноятларни тергов қилиш бўлими терговчиси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми “а” банди (Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини ноқонуний сотиш)да назарда тутилган жиноят асосида жиноий иш қўзғатди”, дея қўшимча қилди вакил.
Жиноий тергов доирасида зарурий экспертизалар, жумладан, генетик экспертиза тайинланди. Воқеа сабабларига ойдинлик киритилмоқда. Бундан ташқари, полиция ноқонуний фаолиятнинг шерикларини, шунингдек, ҳаёт учун хавфли бўлган тақиқланган моддаларни ишлатиши мумкин бўлган бошқа шахсларни аниқламоқда. Гиёҳванд моддаларни ноқонуний муомаладан бутунлай чиқариб ташлаш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17-20 ноябрь кунлари С.М.Киров номидаги шаҳар клиник шифохонасига 19 нафар бемор гиёҳвандлик ва психотроп препаратлардан заҳарланиш белгилари билан ётқизилганини маълум қилганди. Улардан уч нафари қурбон бўлди. Заҳарланишга метадон (синтетик дори воситаси) сабаб бўлгани айтилмоқда.
LiveБарчаси