20 дан ортиқ давлат 75 000 хакерга қарши бирлашди
Олам
−
18 Апрель 2973 2 дақиқа
Европол “ёлланма ҳужум” (attack-for-hire) сервислари орқали DDoS-ҳужумларни ташкил этишга алоқадор бўлган 75 мингдан ортиқ фойдаланувчи аниқланганини маълум қилди. Операция жорий йил 13 апрель куни 21 давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокида бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабар Европол сайтида эълон қилинди.
Мувофиқлаштирилган ҳаракатлар доирасида гумонланувчиларнинг манзилларига 75 мингдан ортиқ огоҳлантириш хатлари юборилган, тўрт киши қўлга олинган, тинтув ўтказиш учун 25 та ордер берилган ва ноқонуний фаолият билан боғлиқ 53 та домен ёпилган. Операцияда, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Австралия ва қатор Европа давлатлари иштирок этган.
Операцияга тайёргарлик жараёни халқаро экспертлар иштирокида бир қатор қўшма тадбирларни ўз ичига олган. Улар DDoS-сервис фойдаланувчиларини аниқлаш ҳамда сайтлар, серверлар ва тармоқларга ҳужум уюштириш имконини берувчи “booter” платформалари инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган. Ушбу ҳаракатлар давомида 3 миллиондан ортиқ ҳисоб қайдлари (аккаунтлар) ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базалари мусодара қилинган, бу эса кейинги тергов ҳаракатларини ўтказиш имконини берган.
Европол маълумотларига кўра, “ёлланма DDoS” сервислари кибержиноятчиликнинг энг очиқ воситаларидан бири бўлиб қолмоқда. Улар ҳатто техник кўникмаларга эга бўлмаган фойдаланувчиларга ҳам ҳужумларни амалга ошириш имконини беради. Бундай ҳаракатлар онлайн-сервисларни ишдан чиқариб, компаниялар ва жисмоний шахсларга сезиларли зарар етказади.
Идоранинг қайд этишича, бундай ҳужумлар иштирокчилари тайёргарлик даражаси бўйича бир-биридан фарқ қилади – янги ўрганувчилардан тортиб тажрибали жиноятчигача. Мотивлар эса оддий қизиқувчанликдан тортиб, молиявий фойда ёки мафкуравий мақсадларгача ўзгариб туради.
“PowerOFF” деб номланган ушбу операция давом этмоқда ва энди профилактика босқичига ўтмоқда. Кўрилаётган чоралар сирасига қидирув натижаларидан DDoS-ҳужум сервисларига олиб борувчи 100 дан ортиқ ҳаволаларни ўчириш, шу каби воситаларни қидираётган фойдаланувчилар учун огоҳлантирувчи рекламаларни жойлаштириш ҳамда ушбу хизматлар учун тўловларни амалга оширишда фойдаланиладиган блокчейн-тармоқлари орқали билдиришномалар юбориш киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳарбий разведкаси манфаатларида ишлайдиган хакерлар гуруҳи кўплаб мамлакатларнинг ҳарбий ва ҳукумат тузилмаларини Wi-Fi роутерлар орқали кузатиш бўйича йирик кузатув кампанияси ортида тургани маълум бўлганди.
Live
Барчаси