2 балл қадри: суд ва адолат абитуриент тарафда, ТДПУ-чи?
Таҳлил
−
14 Январь 2020
9137Яқинда QALAMPIR.UZ таҳририятига фуқаро Камола Ибрагимованинг яқин қариндошлари мурожаат қилишди. Мурожаатда Камола Ибрагимова Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетини судларда ютган бўлса-да, ОТМ маъмурияти уни магистр босқичига ўқишга тиклаш масаласига беписандлик билан қараётгани баён қилинган.
Ҳужжатларга кўра, 2019 йил 25 июлда Камола Ибрагимова Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети магистратура босқичининг “Аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси биология йўналиши” бўйича ўзбек гуруҳида ўқиш учун ҳужжат топширган. 2019 йил 6 августда бўлиб ўтган синовда иштирок этган. Жами тўплаган бали етарли бўлмагани боис магистратура босқичига ўқишга қабул қилинмаган.
Шундан сўнг, Ибрагимова мутахассислик фани бўйича тест саволларига берилган жавобларни баҳолаш натижасидан норози бўлиб университетнинг апелляция комиссиясига мурожаат қилган. Комиссиянинг йиғилиш қарори билан Ибрагимованинг апелляция шикояти қисман қаноатлантирилиб, мутахассислик фани бўйича 17-саволга тўғри жавоб берган деб топилган ва унга 2 балл қўшиб бериш, мутахассислик фани бўйича жами тўплаган балини 54 балл деб ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилинган. Аризачи Ибрагимовани мутахассислик фани бўйича қолган 23 та саволга нисбатан берган эътирозларини қаноатлантириш рад этилган.
Камола университет апелляция комиссиясининг қароридан норози бўлиб, судга шикоят-ариза билан мурожаат қилган. Биринчи инстанция суди, шикоят аризани қисман қаноатлантириш ҳақида хулосага келган. Суд томонидан тест топшириқлари сифатини аниқлаш юзасидан комиссион суд экспертизаси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси эксперт комиссиясининг хулосасига кўра, тест топшириқлари китобидаги “Аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси (биология) ўзбек” фани бўйича тузилган 1, 3, 5, 7, 12, 13, 16, 17, 20, 21, 36, 37, 41, 42, 44, 45, 46, 47, 48 - саволлар матни мазмуни тўғри тузилганлиги, савол шартлари тўғри қўйилганлиги, савол матни ва мазмуни Ибрагимовани чалғитувчи характерга эга эмаслиги, 14,22,30 – саволлар матни мазмунан тўғри тузилмаганлиги, чалғитувчи характерга эга эканлиги аниқланган.
Судлов ҳайъати, ишда тўпланган ҳужжатларга ва далилларга баҳо бериб, экспертиза хулосасини таҳлил қилиб, мутахассислар фикри ҳамда аризачи Ибрагимованинг тушунтиришларини тинглаб, экспертиза хулосасига кўра 22-саволнинг матни ҳамда мазмунига кўра имтиҳон топширувчини чалғитувчи характерга эга деб ҳисоблаган. Ибрагимова биология фани йўналиши бўйича 4 йил таҳсил олгани боис, экспертларнинг 14 ва 30-саволлар матни ва мазмунига кўра, уни чалғитиши мумкинлиги борасидаги хулосалари билан келишмаган.
Бироқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қарордан норози бўлиб, Тошкент шаҳар маъмурий судига кассация тартибида шикоят қилган. Иш 2019 йил декабрь ойининг 25 куни судья Б.Усмонова раислигида кўриб чиқилган.
Кассация судига кўра, биринчи инстанция суди, иш ҳолатларини тўлиқ ўрганмаган. Шикоят қилинаётган маъмурий ҳуқуқий муносабатни аниқламасдан, маъмурий орган томонидан қабул қилинган маъмурий ҳужжатни талаб қилиб олмаган. Университет апелляция комиссиясининг 2019 йил 13 августдаги хулосаси маъмурий ҳужжат ҳисобланмасада, уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида нотўғри хулосага келган.
Бундан ташқари, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетининг қабул комиссияси раиси зиммасига Ибрагимовани амалдаги тартиб бўйича балл билан қайта баҳолаб, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети магистратурасининг 1-босқичига “Аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси биология йўналиши”нинг ўзбек гуруҳига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш мажбуриятини юклатиш ҳақида барвақт хулосага келган деб ҳисоблаган.
Бундай хулосага келишда, аризачи талабда уни грант асосида ўқишга қабул қилиш мажбуриятини жавобгар зиммасига юклашни сўрамагани, шунингдек, аризачини ўқишга қабул қилиш масаласи, қайта баҳолаш натижасида тўплаган умумий баллари натижасига кўра қабул комиссияси томонидан ҳал қилиниши айтилган.
Шунга кўра, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг мазкур маъмурий иш юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарорини қисман бекор қилиб, қонунга мувофиқлаштиришни лозим топган. Судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг мазкур маъмурий иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорини қисман бекор қилиб, хулоса қисмини қонунга мувофиқлаштиришни, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим деб топган.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети магистратура мутахассисликларига кириш юзасидан фанлар бўйича апелляция комиссиясининг йиғилиш баённомаси асосида қабул қилган қарорининг 3-бандидаги рўйхатнинг 5-тартиб рақамдаги Ибрагимовага тегишли “Аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси (биология) ўзбек” фани бўйича тест топшириқлари китобидаги 22-саволга оид қисми ҳақиқий эмас деб топилган.
Жавобгар Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети қабул комиссияси зиммасига Ибрагимовани мутахассислик фани бўйича YKT 12-рақамли тест топшириқлари китобидаги 22-саволни баҳолаш мезонига мувофиқ тўғри жавоб сифатида қайта баҳолаб, Камоланинг мутахассислик бўйича умумий тўплаган балига қўшиб ҳисоблаш ҳамда “Аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси биология йўналиши”га ўзбек гуруҳига ўқишга қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.
Бироқ университет ҳозиргача бу мажбуриятни бажармай келмоқда. Бизга маълум бўлишича, улар кейинги босқич Олий судига назорат тартибида шикоят-ариза беришмоқчи.
Таҳририятга 2019-2020 ўқув йилида қабул қилиш бўйича кириш синови қайдномаси ҳужжати тақдим этилди. Агар университет 22-саволни баҳолаш мезонига мувофиқ тўғри жавоб сифатида қайта баҳолаб, Камоланинг мутахассислик бўйича умумий тўплаган балига 2 балл қўшиб ҳисобласа, 176,6 балл деб ҳисобланар экан.
Чунки имтиҳонлар якуни бўйича йиққан 92 бали ва бакалавриат босқичидаги олган 84,6 бали қўшилса, юқоридаги 176,6 балл деб ҳисобланади. Ўз ўрнида Камола магистратура босқичига 2-ўринда грант асосида қабул қилинган талабадан ўтиб кетиб ўқишга қабул қилиниши керак.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасида кўра, кассация инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Суд томонидан ижро этиш учун тегишли ташкилотларга қарор нусхалари ҳам жўнатилган. Лекин ижро ҳозиргача амалга оширилмаган.
Юқоридаги ҳолатларни кўриб ўз-ўзидан бир нечта саволлар пайдо бўлмоқда. Университет вакилларига иккала судда ҳам экспертлар томонидан хатолари кўрсатилиб берилса-да, нега ҳануз суд қарори ижроси қилинмай келмоқда? Маъмурият маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига амал қилмайдими? Энди Камола Олий судни кутадими? Ишни Олий судда ютадиган бўлса, университет позицияси қандай бўлади? Камоланинг йўқотаётган умрига университет ачинмайдими? Университет ҳар сафар судда ютқазиб суд харажатларини тўламоқда. Ушбу пуллар бирор бир китоб сотиб олишга сарфланса бўлмасмиди? Магистратура босқичида ўқишни истаган фуқарога нега бунчалик қаттиқ қаршилик қилинмоқда?
Ҳозирча саволлар жавобсиз қолмоқда. QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини кузатади.