Хитойдаги янги вируснинг Ўзбекистонга кирмаслиги учун чоралар кўрилганми?

Жамият

image

Аввалроқ, Хитойда номаълум вирус тарқалгани ва ундан бир киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур янги вируснинг Ўзбекистонга кириб келмаслиги учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросининг маълумотига кўра, Хитой Халқ Республикасида короновируснинг янги типи эпидемияси юзага келган. Хитойнинг Ухан шаҳар Соғлиқни сақлаш қўмитаси 2019 йилнинг декабрь ойининг охирида Хубэй провинциясида номаълум этимологияли пневмония касаллиги тарқалганлигини маълум қилди.

Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 11 январь ҳолатига Ухан шаҳрида 41 та ҳолатда вирусли пневмония касаллиги аниқланган. Улардан бир нафари вафот этган, 6 нафари соғайиб, шифохонадан чиқарилган. Беморларнинг кўпчилиги тана ҳароратининг юқорилиги ҳамда нафас олишининг қийинлашишидан шикоят қилган. Кўкрак қафасининг рентгенография хулосасига кўра, айрим ҳолатларда беморларнинг ўпкалари шикастланган.

Бугунги кунда касалликнинг одамдан одамга юқиши аниқланмаган.

Ўзбекистонда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:

- давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда;

- пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари билан аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда;

- грипп, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун даволаш-профилактика муассасаларини тайёргарлигини таъминлаш, беморларни даволаш учун дори-дармонлар ва дезинфекцион моддалар захираси яратилди;

- Хитой Халқ Республикасидан келаётган йўловчилар орасида грипп касаллигининг оғир турларига, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморлар аниқланганда лаборатория ташхиси учун намуналар олиш ташкил этилмоқда;

- мутахассислар томонидан учувчилар, борт ва темир йўл кузатувчиларининг билим савиясини ошириш мақсадида грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларининг клиникаси, лаборатория ташхиси, профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлари тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.

“Юқумли касалликларнинг юртимизга кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича олиб борилаётган барча чора-тадбирлар қатъий назоратга олинган”, дейилади баёнотда.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой вирус ССВ

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made