2,5 ёшли қизалоқнинг ўлимига сабабчи бўлган боғча раҳбари қамалди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Косон туманида Мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси МТТ раҳбарининг машинасида димиқиб қолиб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу иш бўйича боғча раҳбари айбли деб топилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Унга кўра, 1994 йилда туғилган Л.Ҳ. 2024 йилда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилган ва унга ўзи раҳбар бўлган. У вафот этган З.И.ни ёши етмаса ҳам боғчага қабул қилган. 

Судланувчи Л.Ҳ. ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса-да турмуш ўртоғига тегишли машинада ҳар куни эрталаб болаларни уйидан боғчага, кечқурун эса боғчадан уйига олиб бориб юрган. Хусусан, жорий йилнинг 20 июнь куни у 7 болани машинага миндириб, боғчага олиб борган. Болаларни машинадан тушириш пайтида 2,5 ёшли З.И.ни унутиб қолдирган. З.И. 6 соат эшиклари ва ойналари ёпиқ ҳолатдаги машина ичида қолиб кетган ва нафас ололмасдан, димиқиб вафот этган.

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани судида мазкур иш кўриб чиқилган. Суд мажлисида қизалоқнинг онаси боғча раҳбари Л.Ҳ.нинг эътиборсизлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини айтган ва унга қонуний чора кўришни сўраган.

Л.Ҳ.нинг ўзи эса судда айбига иқрор бўлган ва кўрсатма берган. Унинг билдиришича, боғчада 25 бола рўйхатдан ўтган. Айрим ҳолларда танишларининг фарзандлари ҳам келиб турган. Болаларни ҳар куни турмуш ўртоғи Spark машинасида яшаш уйларидан олиб, боғчага олиб келган. Айрим вақтларда машина бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса ҳам ушбу машинада ўзи болаларни уйларидан боғчага олиб келган ва уйларига қайтариб олиб бориб юрган. Хусусан, жорий йилнинг 20 июнь куни эрталаб маҳаллада яшовчи 7 болани уйларидан машинада олиб чиққан. Уларнинг орасида айнан З.И. ҳам бўлган.

Ўша куни у боғчага болаларни олиб келган ва олд ўриндиқда ўтирган икки болани қўлига кўтариб, орқа ўриндиқда ўтирган 5 нафар болани тушириш учун машинанинг орқа эшигини очиб қўйган. Қўлидаги икки болани йўлдан боғча томонга ўтқазиб қўйиб, машина олдига бораётганда болалар ўзлари тушганини кўрган. Шу пайт улардан иккиси хархаша қилишни бошлаган. Шу билан овора бўлиб қолиб, машинадан барча болалар тушган-тушмаганига эътибор бермаган. Шундан сўнг Л.Ҳ. тушгача болалар билан шуғулланган. Соат 13:00 ларда тушлик қилдириб, ухлатишга олиб кирган. Шундагина З.И. нинг йўқлигини сезиб қолган. Шу вақтда турмуш ўртоғи келиб, машина калитини сўраган ва қизалоқ машина ичида қолиб кетгани маълум бўлган.

Суд ҳукми билан Л.Ҳ. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлимига сабаб бўлиши) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган ва унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияда ўташ белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 март куни Бухоро вилояти Бухоро туманида жойлашган якка тартибдаги тадбиркорга қарашли бўлган мактабгача таълим ташкилотида тарбиячининг эътиборсизлиги туфайли 2023 йилда туғилган бола электр токи уришидан вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

боғча Қашқадарё Косон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг