1966 йил фожиаси: Тошкентни вайрон қилган зилзилага 57 йил тўлди

Таҳлил

image

Шу йилнинг март ойида Ўзбекистонда содир бўлган кучли зилзила одамларни бироз қўрқитиб қўйди. Айниқса, 6 февралдаги Туркия халқи юзлашган 50 мингдан зиёд одамнинг ўлимига сабаб бўлган 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалардан чалғиб улгурмаган халқимиз ўзи ҳам 6,6 балли ер силкинишини қарши олди. Аммо бу 1966 йил 26 апрель куни содир бўлган зилзила олдида ҳеч нарма эмасди. Ўша куни тонг саҳар соат 5:22 да Тошкентда зилзила юз бериб, бир кун ичида бутун бошли шаҳарнинг катта қисми вайронага айланган. 78 минг оила бошпанасиз қолган. Бугун ушбу фожиа содир бўлганига 57 йил тўляпти.

Ушбу мақола орқали Тошкентни титратган зилзила, унинг оқибатлари ва қисқа вақт ичида олиб борилган кенг миқёсдаги қайта қуриш ишлари ҳамда бугунги кунда бундай вайронагарчиликнинг такрорланмаслиги учун олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритамиз.

Тошкент шаҳри сейсмик жиҳатдан фаол минтақада жойлашган ҳудуддир. 1966 йил 26 апрель тонгида Тошкент вайронага айланади. Ўша кунги зилзиладан аввал жуда кучли портлаш содир бўлган. Шаҳар чеккасида шафақ кўринган. Кейинроқ олимлар шафақ нима сабабдан келиб чиққанини тушунтирган.

Зилзила ўчоғи 5-10 километр чуқурда жойлашгани учун ер остида йиғилган тектоник кучланиш ер юзасига чиқиш вақтида электр энергиясига айланган ва Тошкент аҳолисига мана шу энергия шафақ бўлиб кўринган.

Шаҳардаги зилзила маркази “Қашқар” (Қошғар) маҳалласи ва “Лабзак” ўрнида бўлган. Ҳудудда вертикал зарблар кучининг магнитудаси 5,3 га тенг, силкиниш 8 баллдан зиёд, максимал вайроналик майдони 10-12 квадрат километрни ташкил қилган. Ернинг 2-3 герц частотада силкиниши 10-12 дақиқа давом этган. Шу йили 9 майдан 10 майга ўтар кечаси, 24 май ва 5 июнда (6-7 баллга тенг) кучли силкинишлар такрорланган.

Биринчи кучли зарбадан сўнг силкинишлар сони 500 дан ортган, улардан бир нечтасининг кучи 7 баллга яқинлашган. Айниқса, 1966 йилнинг 7, 9, 24 май, 4-июнь, 29-июль кунлари содир бўлган тебранишлар уйжойларни вайрон қилган. Асосий тебраниш 1966—68 йиллар мобайнида юз бериб турган бир қанча афтершоклар билан давом этган. Марказий сейсмик станция зилзиланинг кайталаб туриши 2000 дан ортиқ бўлганлигини қайд этган.

Зилзила оқибатида 2 миллион метр квадратдан зиёд турар-жой майдони, 236 та маъмурий бино, 700 га яқин савдо ва овқатланиш шохобчалари, 26 та коммунал хўжалик корхонаси, 180 га яқин ўқув юрти, 8 минг ўринли мактаблар, 36 та маданий-маиший муассаса, 185 та тиббиёт ва 245 та саноат корхона бинолари жиддий талофат кўрди. 78 минг оила ёки 300 минг одам (ўшанда Тошкентда ярим миллион аҳоли истиқомат қилган) бошпанасиз қолди.

Айрим манбаларда зилзилада 8 киши ҳалок бўлиб, 150 га яқин киши жароҳатланган дейилади. Бошқалари эса рақамлар анча жиддий тус олганидан хабар беради.

Воқеа юз бериши билан ҳукумат барчасини назоратига олган. Тошкентга мингдан ортиқ чодир жойлаштирилди, 600 га яқин вақтинчалик озиқ-овқат дўконлари ташкил қилинди. Сув таъминоти узлуксиз ишлади. Бу билан ўз навбатида шаҳарда юзага келиши мумкин бўлган эпидемиянинг олди олинди.

Энг қизиғи, манбалар шаҳарда ўша вақти талончилик ҳолати умуман кузатилмаганини айтади. СССРнинг барча давлатларидан Тошкентга турли кўринишда ёрдамлар кела бошлади.

“Помогите Ташкенту!” – пойтахтнинг қайта тикланиши

Шаҳар чодирлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, жиҳозлар билан таъминланди. Фуқароларнинг шахсий ва жамоавий маблағларини ўтказадиган жамғарма ташкил қилинди. Ўша вақтда СССРда пул бирлиги рубль бўлган. Мазкур жамғармага 10 миллион рублдан ортиқ пул келиб тушган. Маблағнинг 5,5 миллион рубли якка тартибдаги турар-жой биноларини таъмирлаш учун туман ижроия қўмиталари томонидан эгаларига ажратилган.

Пулнинг бир қисми шаҳарда ўйин майдонлари қуриш, одамлар жойлаштирилган вақтинчалик лагерларда бепул овқатланиш ва бошқаларга йўналтирилган. 15 мингдан ортиқ оила ўз розилиги билан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ёки қўшни давлатларга жойлаштирилган.

Пойтахтни қайта қуриш учун қўшни давлатлардан минглаб одамлар жалб қилинди. 1966 йилнинг декабрида қурилиш ишларининг биринчи босқичи тугади. 300 мингдан зиёд фуқаролар бошпанали бўлди. Қисқа вақт – уч ярим йил ичида зилзила оқибатлари тўлиқ бартараф этилди. 

Сиёсатчилар ўша вақтдаги зилзиладан Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий Қўмитасининг Биринчи Котиби (Ўзбекистондаги биринчи шахс) Шароф Рашидовни унумли фойдалангани, Тошкентни тиклаш учун Кремлдан етарлича ёрдам ололгани ва шаҳар замонавий кўринишга келганини эътироф этади. Ўша вақтдаги ўзбек ҳукуматининг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланадиган ташкилотисиз вазиятга тўлиқ баҳо бера олганини мутахассислар юқори баҳолайди.

Зилзиладан 10 йил ўтгач, 1976 йил 20 май куни ҳодисага атаб, Тошкентда “Жасорат” монументал мажмуаси ўрнатилган. Гранит пойдеворга қора лабрадоритдан ясалган куб ўрнатилган, унинг бир томонида 26 апрель 1966 йил санаси битилган. Иккинчи томонида циферблатлари 05:22 ни кўрсатиб турган соат ўйилган. Кубдаги дарз ернинг ёрилиши рамзи бўлиб, то  боласини бағрига босган аёл ва уларни табиий офатдан кўкси билан тўсиб турган эркакнинг бронза ҳайкали пойигача давом этган. Монумент фони бўлиб Тошкентнинг қайта тикланишини акс эттирувчи бўртма композиция хизмат қилади.

Зилзила ортидан ўша йилнинг октябрь ойида Собиқ иттифоқда биринчи бўлиб, Ўзбекистон Фанлар Академияси таркибида Сейсмология институти ҳам ташкил этилди. Институтнинг асосий вазифалари сифатида зилзилаларнинг сабабини ўрганиш, уларнинг содир бўлишини олдиндан билиш мумкин бўлган тадқиқотлар олиб бориш эди. Сейсмология институти тузилгани бир неча марта ўзини оқлади. Хусусан, 1976 йил 17 майдаги Газлидаги, 1978 йил 1 ноябрдаги Олой, 1984 йил 18 февралдаги Поп зилзилалари юз бериши олдиндан айтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент зилзила 1966 йил фожиаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг