Тошкентни титратган саҳар. “Тошкент зилзиласи”га 54 йил тўлди

Таҳлил 12840
2

Кўпчилигимиз 1966 йил 26 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлган зилзила, унинг оқибатлари ҳақида ёши улуғларимиздан эшитганмиз. Фалокат қандай содир бўлганди? Оқибатлари қандай бўлган? Ўзбекистонда шу каби зилзилалар аввал ҳам бўлганми? Зилзиладан кейин Тошкент шаҳрини қайта тиклаш ишларида кимлар жонбозлик кўрсатганди? Шу ва бошқа саволларга QALAMPIR.UZ қуйидаги мақолада батафсил маълумот беришга ҳаракат қилади.

Зилзила нима ва у қандай содир бўлади?

Зилзила (ер қимирлаши) – ер пўстида ёки мантиянинг юқори қисмида тўсатдан силжиш, синиш ёки ўпирилиш рўй бериши оқибатида вужудга келадиган ва тўлқинсимон тебранишлар тарзида узоқларга тарқаладиган ер ости силкинишлари. Зилзилалар юзага келиш сабабларига кўра, тўртта гуруҳга – тектоник, вулқонли, ўпирилиш ва техноген зилзилаларига бўлинади.

Ер пўстининг ҳар хил чуқурлигида табиий кучлар таъсирида содир бўладиган силкинишлар тектоник зилзила дейилади. Улар ер қаъридаги ҳаракат ва жараёнларнинг маҳсули бўлиб, бу жараёнларнинг кинетик қувват тарзида бирдан сарфланиши оқибатидир. Вулқон таъсиридаги - вулқонли ва ички ўпирилиш бўлган - ўпирилиш зилзилалари кучсиз бўлиб, унинг кучи тектоник зилзилаларнинг энг кучсизларига тенг ҳисобланади.

Техноген зилзилалар эса инсоннинг муҳандислик фаолияти билан боғлиқ тарзда бўлади. Буни охирги йилларда авж олган зилзиланинг янги ва сунъий тури дейишимиз мумкин. Бундай ер силкинишлар йирик сув омбори вужудга келган ҳудудларда, газ-нефт маҳсулотларининг ер остидан сўриб олиниши жараёни амалга оширилган майдонларда юз бермоқда.

Зилзилалар тарихига бир назар

Зилзилалар ер шарининг тектоник жиҳатдан энг фаол бўлган тоғ тизмалари жойлашган ҳудудларда кўпроқ бўлади. Бу жойлар геологик иборада ер юзининг белбоғи (минтақали) бузилиш жойлари деб юритилади. Дунё тарихида кучли ва фалокатли зилзилалар кўп бўлган. Улардан бири ҳозирги Озарбайжон ҳудудида юз берганди.

Тарихга Гянжа зилзиласи номи билан кирган бу фалокат 1139 йили 30 сентябрь куни содир бўлганди. Манбаларга кўра, зилзила кучи 11 баллга тенг бўлган. Зилзила оқибатида 230 минг киши ҳалок бўлган, 8 та янги кўл ҳосил бўлган. Ҳозирги Гейгел кўли ҳам ўша зилзиланинг асорати ҳисобланади.

“Буюк Хитой зилзиласи” ҳақида ҳам эшитган бўлсангиз керак. Ушбу зилзила 1556 йили 23 январь куни Хитойнинг ҳозирги Шенси провинцияси ҳудудида бўлганди. Олимлар зилзилада 830 минг киши ҳалок бўлган, дея маълумот келтиришади. Унинг эпицентри (маркази) Вей дарёси атрофи бўлган, ўша даврдаги Хуасяне шаҳри буткул вайрона ҳолига келган.

Ўтган асрдаги энг кучли зилзилалар Италиядаги “Мессина” ва Туркманистондаги “Ашхобод” номлари билан тарихда қолди. 1908 йили 28 декабрь куни Сицилия ва Аппенин яримороли ўртасида 7,8 магнитудада зилзила бўлди. “Мессина” зилзиласи натижасида 3 метрлик цунами юз берди ва турли манбаларга кўра, 200 минг нафарга яқин инсон ҳалок бўлди. 1948 йил 6 октябрь куни “Ашхобод” зилзиласи бўлди. Рихтер шкаласи бўйича зилзила кучи 7,3 баллни ташкил этди. Туркманистон пойтахти вайронага айланди ва 35 минг киши қурбон бўлди.

Ўзбекистон ҳудудида ҳам бир қанча зилзилалар бўлган. 1902 йили Андижонда, 1921-1922 йилларда Бухоро ва Самарқанд яқинида, 1927 йили Наманганда, 1976-1984 йилларда Газлида зилзилалар бўлган.

1966 йил 26 апрель соат 05:22!

Тошкент шаҳри сейсмик жиҳатдан фаол минтақада жойлашган ҳудуд ҳисобланади. 1966 йил 26 апрель тонгини бутун дунё яхши эслайди. Бу вақтда Тошкент вайронага айланганди. Зилзила бўлишидан аввал жуда кучли портлаш содир бўлди. Шаҳар чеккасида шафақ кўринди. Кейинроқ олимлар шафақ нима сабабдан келиб чиққанини айтишди. Зилзила ўқчоғи 5-10 километр чуқурда жойлашган бўлган. Ер остида йиғилган тектоник кучланиш ер юзасига чиқиш вақтида электр энергиясига айланган ва Тошкент аҳолисига мана шу энергия шафақ бўлиб кўринган.

Шаҳардаги зилзила маркази “Қашқар” (Қошғар) маҳалласи ва “Лабзак” ўрнида бўлган. Ҳудудда вертикал зарблар кучининг магнитудаси 5,3 га тенг, силкиниш 8 баллдан зиёд, максимал вайроналик майдони 10-12 квадрат километрни ташкил қилган. Ернинг 2-3 герц частотада силкиниши 10-12 дақиқа давом этган. Шу йили 9 майдан 10 майга ўтар кечаси, 24 май ва 5 июнда (6-7 баллга тенг) кучли силкинишлар такрорланган.

Зилзила натижасида, 2 миллион метр квадратдан зиёд турар-жой майдони, 236 та маъмурий бино, 700 га яқин савдо ва овқатланиш шохобчалари, 26 та коммунал хўжалик корхонаси, 180 га яқин ўқув юрти, 8 минг ўринли мактаблар, 36 та маданий-маиший муассасалар, 185 та тиббиёт ва 245 та саноат корхона бинолари жиддий талофат кўрди. 78 минг оила ёки 300 минг одам (ўшанда Тошкентда ярим миллион аҳоли истиқомат қилган) бошпанасиз қолди. Айрим манбалар зилзилада 8 киши ҳалок бўлиб, 150 га яқин киши жароҳатланган дейди. Айрим манбалар эса рақамлар анча жиддий кўриниш тус олганди, деб хабар беради.

Воқеа юз бериши билан ҳукумат барчасини назоратига олди. Тошкентга мингдан ортиқ чодир жойлаштирилди, 600 га яқин вақтинчалик озиқ-овқат дўконлари ташкил қилинди. Сув таъминоти узлуксиз ишлади. Бу билан ўз навбатида шаҳарда юзага келиши мумкин бўлган эпидемиянинг олди олинди. Энг қизиғи, манбалар шаҳарда ўша вақти талончилик ҳолати умуман кузатилмаган дейишади. СССРнинг барча давлатларидан Тошкентга турли кўринишда ёрдамлар кела бошлади.

“Помогите Ташкенту!” – пойтахтнинг қайта тикланиши

Шаҳар чодирлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, жиҳозлари билан таъминланди. Фуқароларнинг шахсий ва жамоавий маблағларини ўтказадиган жамғарма ташкил қилинди. Ўша вақтда СССРда пул бирлиги рубль бўлган. Мазкур жамғармага 10 миллион рублдан ортиқ пул келиб тушган. Маблағнинг 5,5 миллион рубли якка тартибдаги турар-жой биноларини таъмирлаш учун туман ижроия қўмиталари томонидан эгаларига ажратилди. Пулнинг бир қисми шаҳарда ўйин майдонлари қуриш, одамлар жойлаштирилган вақтинчалик лагерларда бепул овқатланиш ва бошқаларга йўналтирилди. 15 мингда ортиқ оила ўз розилиги билан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ёки қўшни давлатларга жойлаштирилди.

Пойтахтни қайта қуриш учун қўшни давлатлардан минглаб одамлар жалб қилинди. 1966 йилнинг декабрида қурилиш ишларининг биринчи босқичи тугади. 300 мингдан зиёд фуқаролар бошпанали бўлди. Қисқа, уч ярим йил ичида зилзила оқибатлари тўлиқ бартараф этилди. Ўша вақтда СССР шоири Андрей Вознесенский Тошкентга ёрдам бериш учун қуйидаги мазмунда чақирув-шеърини ҳам ёзганди:

Помогите Ташкенту!

Озверевшим штакетником

вмята женщина в стенку.

Ты рожаешь, Земля.

Говорят, здесь красивые горные встанут

массивы.

Но настолько ль красиво,

чтоб живых раскрошило?

Если лес - помоги,

если хлеб - помоги,

если есть - помоги,

если нет - помоги!

Сиёсатчилар ўша вақтдаги зилзиладан Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий Қўмитасининг Биринчи Котиби (Ўзбекистондаги биринчи шахс) Шароф Рашидовни унумли фойдалангани, Тошкентни тиклаш учун Кремлдан етарлича ёрдам ололгани ва шаҳар замонавий кўринишга келганини эътироф этишади. Ўша вақтдаги ўзбек ҳукуматининг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланадиган ташкилотисиз вазиятга тўлиқ баҳо бера олганини мутахассислар юқори баҳолайди.

Зилзиладан 10 йил ўтгач, 1976 йил 20 май куни ҳодисага атаб, Тошкентда “Жасорат” монументал мажмуаси ўрнатилган. Гранит пойдеворга қора лабрадоритдан ясалган куб ўрнатилган, унинг бир томонида 26 апрель 1966 йил санаси битилган. Иккинчи томонида циферблатлари 05:22 ни кўрсатиб турган соат ўйилган. Кубдаги дарз ернинг ёрилиши рамзи бўлиб, то  боласини бағрига босган аёл ва уларни табиий офатдан кўкси билан тўсиб турган эркакнинг бронза ҳайкали пойигача давом этган. Монумент фони бўлиб, Тошкентнинг қайта тикланишини акс эттирувчи бўртма композиция хизмат қилади.

Зилзила ортидан ўша йилнинг октябрь ойида Собиқ иттифоқда биринчи бўлиб, Ўзбекистон Фанлар Академияси таркибида Сейсмология институти ҳам ташкил этилди. Институтнинг асосий вазифалари сифатида зилзилаларнинг сабабини ўрганиш, уларни содир бўлишини олдиндан билиш мумкин бўлган тадқиқотлар олиб бориш эди. Сейсмология институти тузилгани бир неча марта ўзини оқлади. Хусусан, 1976 йил 17 майдаги Газлидаги, 1978 йил 1 ноябрдаги Олой, 1984 йил 18 февралдаги Поп зилзилалари юз бериши олдиндан айтилди.

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 326
Рейтинг: 3.1
t
×