195 минг қалбаки долларни муомалага киритмоқчи бўлганлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Жиззах, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида қарийб 195 минг қалбаки АҚШ долларининг муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятида яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаро ва унинг Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 1998 йилда туғилган шериги ижтимоий тармоқлар орқали Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унга сохта 100 АҚШ доллари купюрали жами 50 минг АҚШ долларини 65 млн сўмга сотишга келишган.

Шундан сўнг улар Жиззах шаҳрига бориб, харидор билан телефон орқали мулоқот қилган. Унга қалбаки пулларни шаҳар ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетишларини айтиб, келишилган суммадан 39 млн 200 минг сўмни олдиндан пластик карта орқали олган.

Аммо улар қалбаки валюталарни белгиланган жойга қолдирмасдан харидорни алдаб, Тошкент шаҳрига қайтиб кетаётган вақтда Дўстлик туманида ушланган ва улар кетаётган автомашина салонидан қалбаки 51 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Яна бир ҳолатда Бухоро вилоятида яшовчи 1949 ва 1984 йилларда туғилган 2 нафар шахс ҳамда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 1981 йилда туғилган фуқаро ўзаро тил бириктириб, чет давлатда тайёрланган ҳар бири 100 доллар купюрали қалбаки 50 минг АҚШ долларини ҳақиқий 25 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.

“Таъкидлаш лозимки, уларнинг учаласи ҳам муқаддам судланган шахслар ҳисобланади”, дейилади хабарда.

Тошкент шаҳрида ҳам Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида яшовчи 1997 йилда туғилган шахс хориждан келтирилган 50 ва 100 АҚШ доллари купюрали қалбаки 45 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 25 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1983 йилда туғилган шахс ва Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган муқаддам судланган фуқаро қалбаки 10 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 8 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланган.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам судланган шахснинг кўрсатмаси бўйича унинг 1995 ва 2001 йилларда туғилган 2 нафар шериги қалбаки 30 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 19 500 АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинган.

Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи 1991 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 88 дона 50 АҚШ доллари купюрали ва 44 дона 100 АҚШ доллари купюрали, жами қалбаки 8800 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида яшаш хонадонида 100 минг сўмлик купюра ёрдамида 28 млн 300 минг сўм миқдоридаги қалбаки пулларни тайёрлаган жиноий гуруҳ ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Наманган Жиззах қалбаки доллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг