16 та туман ва шаҳар ҳокимлари ҳайфсан олди
Жамият
−
16 Январь
12793Ўзбекистондаги 16 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди. Бу ҳақда бугун, 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Видеоселекторда айрим туман ҳокимлари инвестиция ва экспорт масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйгани қайд этилди. Ўтган йили Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Пешку, Янгиобод, Қамаши, Хонқа, Шовот туманларида инвестиция 15 миллион долларга ҳам етмади. Ромитан, Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи, Нарпай, Нуробод ва Гулистон туманлари, Оҳангарон шаҳрида экспорт камайган. Ушбу 16 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.
Билдирилишича, эндиликда инвестиция бўйича янги назорат тизими бўлиши белгиланди. Бунда Бош вазир бу йилги 42 миллиард доллар хорижий инвестиция бўйича ойма-ой режани тасдиқлайди, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари ҳафтада икки кун инвестиция билан шуғулланади.
Мутасаддилар тинмай ҳудудларга бориши, тадбиркорлар билан учрашиши, масаласини жойида ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу видеоселекторда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ҳудудида ивестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги фаолиятда жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун лавозимидан озод этилганди.